Ҳозирги даврда рақамли иқтисодиёт ва у билан боғлиқ бўлган бир қанча самарадор технологиялар ҳаётимизга шиддат билан кириб келмоқда. Шу сабабли бу борада мамлакатимизда давлат ва жамият тараққиётини янада жадаллаштириш мақсадида муҳим норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинмоқда.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 25 августдаги “Андижон вилоятида ахборот технологияларига ихтисослашган технологик паркни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори юртимизда рақамли иқтисодиётни ривожлантиришда муҳим ўрин эгаллаётган технопарклар ташкил этишнинг ҳуқуқий асосини яратди.
Бу муҳим ҳужжат билан Андижон вилоятида жами 16 та рақамли технологиялар ўқув марказлари ҳамда Андижон «Digital City» технопарки ташкил этилиши белгилаб берилди.
Шунингдек қарорда технопаркларнинг асосий вазифалари белгилаб берилди.
Жумладан:
— технопаркни буюртмалар билан таъминлаш мақсадида вилоятдаги ташкилотлар учун жорий этиладиган маҳаллий дастурий маҳсулотларнинг устувор лойиҳаларини амалга оширишда маҳаллий буюртмалар портфелини шакллантириш;
— вилоятда ахборот технологиялари соҳасида рақобатбардош маҳсулотлар ва хизматларни, инновацион ишланмаларни ишлаб чиқаришга, уларни ички ва ташқи бозорларда таклиф этишга, маҳаллий дастурий маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва уларнинг экспортини амалга оширишга;
— юқори технологияли маҳсулотлар ва хизматлар ишлаб чиқариш занжирининг узлуксизлигини таъминлаш мақсадида илмий, таълим, ишлаб чиқариш ташкилотларининг интеграциялашувига;
— вилоятида ахборот технологиялари соҳасида янгидан иш бошлаган ва кичик корхоналарга стартап-лойиҳаларни амалга оширишда, инновация фаолияти натижаларини тижоратлаштиришга;
— маҳаллий дастурий маҳсулотларини ишлаб чиқарувчиларга маҳаллий ва хорижий инвесторларни жалб қилишда, шу жумладан замонавий технологиялар ва дастурий маҳсулотлар трансферини амалга оширишга кўмаклашиш;
— вилоятнинг қишлоқ ва сув хўжалиги, таълим, соғлиқни сақлаш, банк ва бошқа соҳаларда рақамли технологияларни жорий этиш орқали ҳамда хорижий давлатларнинг технопарклари билан яқин ҳамкорлик ўрнатган ҳолда вилоятда «рақамли тадбиркорлик»ни ривожлантириш;
— вилоятда «5 та муҳим ташаббус» дастури доирасида аҳоли, шу жумладан ёшлар учун компьютер технологиялари ва Интернет жаҳон ахборот тармоғидан самарали фойдаланишга мўлжалланган шаҳар ва туманларда рақамли технологиялар ўқув марказларини ташкил этиш ва фаолиятини мувофиқлаштириш;
— вилоятда ахборот технологиялари соҳасида юқори малакали мутахассислар синфини яратиш мақсадида ёш мутахассисларни ўқитишни ташкил этиш, шу жумладан, «Бир миллион дастурчи» лойиҳаси доирасида Андижон вилоятида ёшларни тизимли равишда дастурлаш йўналишида ўқитишни ташкил этиш, ахборот технологиялари бўйича етакчи мутахассислар билан соҳага қизиқувчи ёшлар ўртасида учрашувлар, маҳорат дарслари, конференциялар, тренинглар ва ахборот технологиялари бўйича мавсумий оромгоҳларни ташкил қилиш;
— хостинг ва виртуал серверлар хизматлари кўрсатиш мақсадида маълумотлар маркази фаолиятини ташкил этиш;
— Ўзбекистонда компьютер ва киберспорт ўйинлари ассоциацияси билан ҳамкорликда Андижон вилоятида компьютер ва киберспорт ўйинларини белгиланган тартибда ташкил этиш.
Шунинг билан бирга, ҳужжатда технопаркни ташкил этиш ва унинг фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ харажатлар белгиланган бўлиб, унга кўра қуйидагилар:
технопарк жойлаштириладиган бино ва иншоотларни реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш, уларни зарур мебель, инвентарь, замонавий ўқув ускуналари, компьютер ва бошқа ташкилий техникалар билан
жиҳозлаш — Андижон вилояти маҳаллий бюджети маблағлари ҳисобидан;
технопаркнинг бошқа жорий харажатларини қоплаш — технопаркда ташкил қилинган ўқув курслари ва малака ошириш курсларидан тушган маблағлар ҳисобидан;
шартнома асосида технопарк фаолияти ихтисослигига тегишли ишлар (хизматлар) бажарилишидан олинган маблағлар;
халқаро молия ташкилотлари ва чет эл ҳукуматлари молия ташкилотлари маблағлари;
қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади.
Бир сўз билан айтганда, мазкур қарор Андижон вилоятида ахборот технологиялари соҳасини ва дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқаришни янада ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, ушбу соҳадаги стартап-лойиҳаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш орқали вилоятда инвестиция муҳитини яхшилаш, ички ва ташқи бозорларда дастурий ҳамда юқори технологияли маҳсулотлар ва хизматларни тарғиб қилишга кўмаклашиш, вилоятда ёшларнинг ахборот-коммуникация технологиялари соҳасига бўлган қизиқишини янада ошириш, уларга замонавий рақамли технологиялар, дастурлаш асослари, электрон тижорат йўналишларини ўргатишга кўмаклашишга хизмат қилади.
Зафарбек ҚОДИРОВ,
Бўстон тумани адлия
бўлими бошлиғи.