Шаҳрихон тумани Ички ишлар бўлими ходимлари томонидан туман ҳудудида ижтимоий-сиёсий вазият барқарорлигини таъминлаш, хусусан, жиноятчилик ва бошқа ноҳуш ҳолатларнинг олдини олиш ва уларга қарши кураш самарадорлигини ошириш мақсадида кенг кўламли профилактик тадбирлар олиб борилмоқда. Аммо, шунга қарамасдан, айрим фуқаролар томонидан турли жиноятлар содир этилаётганлиги ачинарли ҳолдир.
БОЗОРГА ЎҒРИ ОРАЛАДИ
Шу йил 22 ноябрь куни соат 11 лар чамасида Шаҳрихон шоҳ кўчасида жойлашган “Буюм бозори”да ўғрилик жинояти содир этилди. Туман ИИБ ходимлари томонидан олиб борилган тезкор қидирув-суриштирув натижасига кўра талон-торожлик жиноятига қўл урган шахс Ж. О. бўлиб чиқди. У гарчанд аёл бўлсада, бозор оралаб юриб, қулай пайт пойлаб Г. Б.га тегишли, ичида 2.850.000 сўм миқдорида пул бўлган сумкани ўғирлаб кетади. Ҳозирги кунда мазкур жиноий иш юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Қадрли юртдошлар! Халқимизда: “Ўзингга ҳушёр бўл, қўшнингни ўғри тутма” деган ҳикматли нақл бор. Ана шу нақлга амал қилган ҳолда доимо ҳушёр бўлинг! Акс ҳолда бепарволик, эҳтиётсизлик қилсангиз, юқоридаги каби нохуш ҳолатларга дуч келиб, жабр тортиб қолишингиз шубҳасиз.
БЕЗОРИ ҚЎЛГА ОЛИНДИ
Яқинда Шаҳрихон тумани марказидаги “Самоинур” савдо мажмуасида тунги соат 23.00 да фуқаро Ф. Ж. ва мажмуа ишчиси Э. К.нинг ўзаро жанжаллашиб қолиши оқибатида безорилик жинояти юз берди. Бунинг натижасида Ф. Ж. Э. К.нинг юз, бош қисмлари ва бошқа тана аъзоларига қаттиқ уриб, оғир тан жароҳати етказди. Айни пайтда ушбу безорилик ҳодисаси бўйича ҳам тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Дарвоқе, кексаларимиз: “Саёқ юрган таёқ ер” деб бежиз айтишмаган. Шундай экан, тунги пайтларни ўз оилангиз даврасида тинч-осуда ўтказсангиз, хонадонингизда осойишталик ва ҳотиржамлик барқарор бўлаверади. Энг муҳими, ўзингизга ғалва ва муаммо ошириб олмайсиз.
Анваржон ИМИНОВ,
Шаҳрихон тумани ИИБ
ҳузуридаги тергов бўлими
бошлиғи, подполковник.