“АЛЁНУШКА”-МИСЛИ ЭРТАКЛАРДАГИДЕК

Жамият

Муҳтарам Президентимиз Ш.Мирзиёев томонидан узлуксиз таълим тизимининг бирламчи бўғини ҳисобланган мактабгача таълим соҳасини янада ривожлантиришга  катта эътибор қаратилмоқда. Чунки, ҳар томонлама соғлом ва баркамол бола шахсини тарбиялашда мактабгача таълим тизими ғоят катта аҳамият касб этади.

Фото Рустамбек Араббоев

Бу борада давлатимиз раҳбарининг  «2017-2021 йилларда мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги, «Мактабгача таълим тизими бошқарувини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикаси мактабгача таълим вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги Фармон ва қарорлари, шунингдек, “Мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш бўйича 2017-2021 йилларга мўлжалланган Дастури ҳамда республикада мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш бўйича «Йўл харитаси» муҳим дастуриамал бўлаётир.

Бош Қомусимиз қабул қилинганининг 26 йиллиги байрами арафасида Навбаҳор маҳалласида давлат шерикчилиги асосида қурилган 100 ўринли янги мактабгача таълим муассасаси фойдаланишга топширилди. Мазкур масканнинг тантанали очилиши ҳақиқий байрам тусини олди. Тадбирга жамоатчилик вакиллари, маҳалла фаоллари, нуронийлар таклиф этилди.

— Маҳалламиздаги “Алёнушка” деб номланган янги муассаса ташаббускор ва изланувчан тадбиркорларимиздан бири Достонбек Баҳодиров томонидан барпо этилди, — дейди МФЙ раиси М.Охунова.-  Мазкур боғча худди эртаклардагидек чиройли кўринишга эга. Тадбиркор бу хайрли мақсад учун 2 миллиард 400 миллион сўм маблағ сарфлади. Бу ерда тарбияланувчилар учун барча шарт-шароитлар муҳайё этилган. Айни кунларда боғчага 87 нафар бола қабул қилинди. Энг муҳими, муассасада келажагимиз эгаларига замонавий технологиялар асосида  таълим-тарбия берилади. Бундай  қулайликдан маҳалламиздаги ота-оналар жуда ҳам миннатдор бўлмоқдалар.

Боғчанинг педагог тарбиячилари яратилган имкониятдан самарали фойдаланган ҳолда болаларга ҳар томонлама пухта таълим ва тарбия бериш, уларнинг дунёқарашини кенгайтириш, мустақил фикрлаш қобилиятини ривожлантириш, қалби ва онгига миллий ва умуминсоний қадриятларни сингдириб бориш, шу орқали уларни она Ватанга муҳаббат, покиза орзулар руҳида камол топтиришни ният қилганлар.

Янги муассасанинг очилиш маросими тантаналарида туман ҳокими Ҳ.Дадахонов иштирок этди.

М.Ғозиев

Добавить комментарий