ТОВЛАМАЧИ ТУЗОҚҚА ТУШДИ

Жамият

Фирибгар-товламачилар тузоғига илинмаслик, улардан ҳушёр бўлиш, аҳолининг ҳуқуқий онгини ошириш борасида кенг қамровли тадбирлар ўтказилаётганига қарамай, баъзи ҳамюртларимиз соддалик қилиб, бундай ғаразгўй кимсаларга “имконият” яратиб бераётганлари афсусланарлидир. Оқибатда эса ўзларининг бошига ташвиш орттириб олмоқдалар.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги мажбурий ижро бюроси туман бўлимининг собиқ давлат инспектори О.И. ҳам бировнинг ҳақидан қўрқмайдиганлар сирасидан экан. У ўз иш фаолияти давомида, яъни, 2017 йил ноябрь ойидан 2018 йил апрель ойигача бўлган давр мобайнида кўплаб истеъмолчиларнинг электр энергияси ва табиий газдан фойдаланганлик учун тўлов пулларини нақд ҳолда олиб, уни тасдиқловчи ҳужжатларни жойида расмийлаштирмасдан ўз эҳтиёжи учун ишлатиб юборади. Мисол учун, бу товламачи Қўрғонча МФЙда яшовчи Ф. Д. нинг ишончига кириб, табиий газ тўлови учун ундан 300 минг, Дўрмон МФЙлик Й. С. дан 246 минг, электр энергияси тўлови учун Найман МФЙда яшовчи Ф. Ж. дан 200 минг, Қўрғонча МФЙда истиқомат қилувчи К. Э. дан 1.200 минг, жами 1 миллион 946 минг сўм пулни ўзлаштириб, фирибгарлик жинояти содир этади.
Бундан ташқари, нопок ишга ўрганган О.И. Қўрғонча ва Найман МФЙда яшовчи 33 нафар фуқародан электр энергияси истеъмоли учун олинган жами 14.168 минг сўм миқдордаги пул маблағларни “Биллингаз” ва “Электрон ҳисоб” дастурларига киритишни ваъда қилиб, тўловларни истеъмолчиларнинг абонент ҳисоб рақамларига йўналтирмасдан яна жиноятга қўл уради.
Ҳурматли фуқаролар! Ҳар биримиз истеъмолчи эканмиз, доимо ҳақ-ҳуқуқимизни билайлик. Хонадонимизга бирон бир идора ходими келса, аввало, ундан хизмат гувоҳномасини сўрайлик. Коммунал тўловлар учун маблағ берганингизда, унинг асоси ҳисобланган ҳужжатни олишни унутманг. Энг муҳими, огоҳ ва ҳушёр бўлинг!

Анваржон ИМИНОВ,туман ИИБ тергов бўлими бошлиғи.

Добавить комментарий