ЗАМОНАВИЙ ВА КЎРКАМ МАСКАНЛАР

Ўзбекистон
Фото: Рустамбек АРАББОЕВ

Янги йил байрами арафасида туманимизда бир қатор янги бунёд этилган ёки капитал реконструкция қилиниб, бутунлай замонавий қиёфа касб этган ижтимоий соҳа объектлари, ишлаб чиқариш корхоналари, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шахобчалари фойдаланишга топширилди. Бу эса шаҳрихонликларга ўзига хос байрам туҳфаси бўлди.

Фото: Рустамбек АРАББОЕВ

Яккатут МФЙ ҳудудида жойлашган 3-давлат мактабгача таълим муассасаси мураббий ва тарбияланувчилари учун Янги йил қўшалоқ шодиёнага айланиб кетди. 90 ўринли мазкур муассаса Давлат дастури асосида реконструкциядан чиқарилиб, янгича қиёфа касб этди. Унинг очилиш маросимига бағишланган тадбирда маҳалла фаоллари, ота-оналар ва жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар.

Тадбирда туман ҳокими Ҳикматилло Дадахонов сўз олиб, мамлакатимизда муҳтарам Президентимиз раҳнамолигида ёш авлод таълим-тарбиясига, уларнинг ҳар томонлама соғлом ва баркамол вояга етишларига беқиёс эътибор қаратилаётгани, бу борада амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида гапириб, барчани байрам билан қизғин табриклади. Шундан сўнг “Аркстройсервис монтаж” МЧЖ раҳбари Соҳибжон Мамадалиев муассаса мудираси Эркиной Ҳусановага янги боғчанинг рамзий калитини тантанали равишда топширди.
— Маҳалламиз аҳлининг қувончи чексиз, — дейди МФЙ раиси С.Одилов. – Чунки, боғчамиз таъмирланиб, кўркам қиёфа касб этди. Бу ерда болалар учун барча шароитлар муҳайё этилган. Ота-оналарнинг хурсандлигини айтмайсизми? Бундай юксак эътибор ва ғамхўрликлар учун Юртбошимиздан миннатдормиз.
Тадбирда муассаса тарбияланувчилари томонидан тайёрлаган бадиий дастур намойиш этилди. Жажжи кичкинтойлар томонидан ижро этилган Она-Ватанни, мустақиллигимизни мадҳ этувчи шеър, қўшиқлар, жозибали рақслар ҳамда турли саҳна кўринишлари барчага бирдек манзур бўлди.
* * *
Терактаги маҳалласи кўркига-кўрк қўшган 6-давлат мактабгача таълим муассасасининг тантанали очилишига бағишланган тадбир ҳам кўтаринки руҳда ўтди. Туман ҳокими ва жамоатчилик вакиллари муассаса тарбиячилари, ота-оналар ва тарбияланувчиларни қўшалоқ байрам билан қутладилар. Шундан сўнг шодиёна иштирокчилари муассасада яратилган шароитлар билан танишдилар. Шўх-шодон куй-қўшиқлар даврага янада файз киритиб, барчани рақсга чорлади.
— Боғчамиз 120 ўринли бўлиб, бугунги кун талабларига жавоб бермай қолган эди, — дейди мудира Наргиза Исақова. – Давлатимиз раҳбарининг мактабгача таълим тизимини ислоҳ қилиш бўйича қабул қилган Фармон ва қарорлари асосида муассаса капитал реконстукция қилинди. “Янги замон” МЧЖ қурувчиларининг фидокорона меҳнатлари эвазига қисқа фурсатда боғчамиз замонавий кўриниш олди. Бу ерда ишловчилар учун ҳам, тарбияланувчилар учун ҳам барча қулайликлар яратилган.
* * *
Мустақиллик МФЙ ўрамида янги қад ростлаган 4-мактабгача таълим муассасаси эртаклардаги кошоналардан қолишмайди. Муассаса Аъзамжон Маҳкамов бошчилик қилаётган “Тошсарфарғишт” хусусий корхонаси қурувчилари томонидан сифатли ҳолда бунёд этилди. Мазкур муассасанинг қурилишига давлат бюджетидан 2 миллиард 197 миллион сўм маблағ сарфланди.
— Муассасамиз энг замонавий услубда қурилди, — дейди МТМ мудираси Фарангиз Солиева. – Бу ерда болаларга замонавий педагогик технологиялар асосида таълим-тарбия бериш учун барча шароитлар бор. Бу, албатта, биз педагоглар зиммасига ҳам катта масъулият юклайди.
— Янги қурилган ушбу боғчани, унда яратилган шароитларни кўриб, очиғи болаларга ҳавасим келди, — дейди Сайёра Абдуқаҳҳорова. – Менинг фарзандим ҳам шу ерда тарбияланади. Бундан кўнглим фахр ва ғурур туйғуларига тўлди. Халқимиз фаровонлиги йўлида тинимсиз саъй-ҳаракатлар олиб бораётган муҳтарам Президентимизга мингдан-минг раҳмат.
Ушбу муассасанинг фойдаланишга топширишга бағишланган тадбирда сўз олган маҳалла фаоллари, ота-оналар ўз дил изҳорларини баён этиб, бунёдкорлик ишига бош қўшганларга, қурувчиларга ўз миннатдорчиликларини билдирдилар.
Туманимизда аҳолининг турмуш даражасини янада оширишга, уларнинг ҳаётдан рози бўлиб, бахтли яшашларига хизмат қилувчи бу каби яратувчилик ишлари жорий йилда ҳам давом этиши шубҳасиздир.
Ғ.ПАРПИЕВ,
Т. МАДАМИНОВ.

Добавить комментарий