АФСУСКИ, ЭНДИ КЕЧ…

Жамият


Малика тўққизинчи синфни битирмасиданоқ, унга совчилар кела бошлади. Ота-онаси, унинг “ҳеч бўлмаса мактабни тугатиб олай”, дейишига қарамай, яхши жойдан экан дея, дарҳол тўйни белгилаб қўйишди. Қариндош-уруғлар ҳам бу воқеага норози бўлгандай кўринишди. Ахир, ўн гулидан бир гули очилмаган ёш қизалоқ турмушга чиқса, ҳаммага эриш туюлади-да. Қизнинг мактабни тугатиши, бирон касбни эгаллаши ота-онани мутлақо қизиқтирмади.
Кўп ўтмай тўй ҳам бўлди. Маликанинг янги хонадонга кўникиши анча қийин кечди. Уй юмушлари, қайнота-қайнона, эрнинг хизматлари, кеч ётиб, эрта туришлар унга оғирлик қила бошлади. Ота уйида эркин юрган эрка қиз гўё бошқа оламга тушиб қолгандай эди.
Орадан 4-5 ой ўтиб, Малика ўзини ёмон ҳис қила бошлади. Баъзи-баъзида кўнгли беҳузур бўларди. Шундан сўнг қайнонаси билан шифокор ҳузурига боришди. Тиббий кўрикдан ўтганда Маликанинг ҳомиладорлиги аён бўлди. Бу янгиликдан қайнонаси ўзида йўқ хурсанд эди.
Аммо, шифокор:
— Келинингиз ҳали ёш, жуда ёш. Вақти келиб туғишга қийналиб қолади. Анча вақтли турмуш қурган экан. Бир чорасини кўриш лозим.
Бу гапларни эшитган қайнонаси:
— Э… Биз ҳам ёш узатилганмиз. Мана, соппа-соғ юрибмиз-ку! Келиним ҳам бир амаллаб туғиб олар, дея шифокор фикрларига қулоқ солмади. Аммо, у жуда катта хато қилганди.
Кечга томон Маликанинг ота-онаси меҳмон бўлиб келишди. Улар ҳам бу хушхабардан жуда қувонишди. Лекин, шифокорнинг фикрларини эшитган отаси бироз сергак тортгандек бўлди.
Шунда Маликанинг онаси:
— Докторлар ўзи ваҳимачи бўлади. Хавотир олишга ҳожат йўқ, деб у ҳам нотўғри фикр юритди.
Кунлар кетидан-кунлар ўтди. Маликанинг ой-куни яқинлашгани сари тез-тез оғрийдиган бўлиб қолди. Бир куни қаттиқ безовталанди. Уни дарҳол шифохонага олиб боришди. Мутахассислар обдон текширишгач, қайнонасини чақириб, келини туғишга қийналишини, оғриқни кўтара олмаслигини, бола операция орқали олинишини айтишди.
Бу гапларни эшитган қайнонанинг кўз олди қоронғулашиб кетди. Қудаларига нима дейишни ҳам билмай қолди. Ёш қизни келин қилганига, ўз вақтида шифокор фикрларига қулоқ тутмаганига афсусланди. Бироқ, энди кеч бўлганди…
Орадан икки кун ўтиб, Маликани қаттиқ тўлғоқ тутди. Уни операция хонасига олиб кириб кетишди. Воқеаларни кузатиб ўтирган онаси ҳам ич-этини еб бўлди. Хато қилганини энди тушунди. Афсус, вақтни орқага қайтаришнинг иложи йўқ…
Операция узоқ давом этди. Чарчоғи юз-кўзидан яққол билиниб турган шифокор операция хонасидан чиқиб, Маликанинг отасини чақирди. Ота врач билан гаплашдию, ранги оқариб, ерга ўтириб қолди. Бир нохушлик рўй берганини сезган онаси кела солиб, эрига ёпишди. Бола соғ қолгану, аммо, Маликани сақлаб қолишнинг иложи бўлмаган. Атрофни онанинг фарёди тутди. Тинимсиз афсус кўз ёшлари оқди…
Аббос ЙЎЛДОШЕВ.

Добавить комментарий