ЖАҲЛ ЖАЗО КЕЛТИРДИ

Жамият

Айрим инсонлар жамиятда одоб-ахлоқ меъёрларига риоя қилишни унутиб,  арзимас сабаблар билан можаро-жанжал кўтариб, ўзларига ташвиш орттириб оладилар.

Улуғнор туманида яшовчи Салим Жабборов (исм ва фамилиялар ўзгартирилган) ҳам ана шундайлар сирасига киради. У ўз укасининг никоҳ тўйида жанжал кўтарди. Бунга хонадон соҳибининг тўйга ташриф буюрган хонанда Карим Солиев билан ўзаро келишмовчилиги сабаб бўлди. Салим санъаткор билан айтишиб қолиб, суяксиз тилдан чиққан турли ҳақоратлардан ташқари, тўсатдан унинг юз қисмига уриб юборади ва натижада, К.Солиевга тан жароҳати етади.

Мазкур нохуш ҳолат бўйича фуқаро С.Жабборовга нисбатан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимлари томонидан жиноий иш қўзғатилди. Олиб борилган тезкор суриштирув-тергов ишлари якунига кўра  Салимнинг айбдорлиги ўз исботини топди. Мазкур иш юзасидан бўлиб ўтган суд жараёнида С.Жабборов ўз айбига тўлиқ иқрор бўлиб, суд ҳайъатидан енгиллик берилишини сўради. Аммо, унга нисбатан қилмишига яраша тегишли жазо чораси тайинланди. Кимки қонунларни менсимай, бошқаларга нисбатан чегарадан чиқиб, зўравонлик қилса, албатта жазосини олиши шубҳасиздир. Зеро, қонун устувор юртда кичикми ёки каттами барча турдаги жиноятга жазо муқаррар.

Илёсбек ТЎРАЕВ,

Улуғнор тумани ИИБ ҳузуридаги

 тергов бўлинмаси суриштирувчиси.

Добавить комментарий