Саломатлик инсон учун энг бебаҳо неъмат ҳисобланади. Шу боис ҳам юртимизда тиббиёт соҳасини янада ривожлантиришга давлат сиёсати даражасида аҳамият қаратилмоқда. Хусусан, мавжуд шифо масканларини бугунги кун талабига тўлиқ жавоб берадиган ҳолда таъмирлаб, уларни замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан таъминлаш, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини ошириш борасида кенг кўламли амалий ишлар қилинаётгани жуда қувонарлидир.
Бугун Шаҳрихон тумани маркази, шунингдек, энг чекка қишлоқлардаги тиббиёт муассасаларида ҳам бўлаётган ижобий ўзгаришлардан ҳамюртларимиз мамнун.
Марказ МФЙ ҳудудида жойлашган 66-қишлоқ оилавий поликлиникаси анча таъмирталаб ҳолга келиб қолганди. Ўтган йили мазкур муассаса Давлат дастури асосида мукаммал таъмирдан чиқарилиб, замонавий қиёфа касб этди. Бу ерда “Ихтисослашган Шаҳрихон қурилиши” хусусий корхонаси қурувчилари томонидан амалга оширилган бунёдкорлик ишларига 2,5 миллиард сўм миқдорида маблағ сарфланди.
— Муассасамиз Марказ, Қипчоққўрғон, Юзлар, Найман ва Баркамол авлод МФЙлар ўрамида яшовчи 19 мингдан зиёд аҳолига хизмат кўрсатади, — дейди поликлиника мудири Анваржон Қоратоев. — Кўп йиллар муқаддам қурилган эски типдаги бино авария ҳолатида эди. Бу эса кўплаб қийинчиликларни келтириб чиқараётганди. Муҳтарам Президентимиз томонидан тиббиёт соҳасига юксак эътибор қаратилаётганлиги боис, муассасамиз сифатли таъмирланиб, бу ерда ишловчилар ҳамда даволанувчилар учун барча қулайликлар яратилди.
Айни пайтда ҚОПда 4 нафар малакали шифокор, 34 нафар ўрта тиббий ходим ва 21 нафар патронаж ҳамшира аҳоли соғлиғини муҳофаза қилиш йўлида самарали фаолият кўрсатиб келмоқда.
Сегаза қишлоғидаги Навоий қишлоқ врачлик амбулаторияси ҳам Давлат дастури асосида 500 миллион сўм маблағ ҳисобига мукаммал таъмирдан чиқарилди. Барча шароитлар муҳайё этилган муассаса қишлоқ аҳлига малакали тиббий хизмат кўрсатмоқда.
Соғлиқни сақлаш тизимини янада ривожлантириб, кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини халқаро стандартлар даражасига кўтариш борасидаги бу каби хайрли ишлар туманимизда жорий йилда ҳам изчиллик билан давом эттирилиши шубҳасиздир.
Т. МАДАМИНОВ.