МАВСУМ УЮШҚОҚЛИК БИЛАН ЎТАДИ

Қишлоқ хўжалиги

Фото: Рустамбек АРАББОЕВ.

Бу йил ҳам пахтадан мўл ва сифатли ҳосил етиштиришни мақсад қилган туманимиз деҳқонлари айни кунларда чигит экишга қизғин киришдилар. Мазкур масъулиятли мавсумнинг бошланиши муносабати билан Ўрта Шаҳрихон массивидаги “Ҳомиджон” фермер хўжалиги даласида кўргазмали семинар бўлиб ўтди.

Соҳа  мутахассислари, қишлоқ хўжалигига дахлдор ташкилотлар ва фермер хўжаликлари раҳбарлари иштирок этган тадбирда вилоят ҳокимининг ўринбосари Р.Исматуллаев, туман ҳокими Ҳ.Дадахоновлар экиш мавсумини тез ва сифатли ташкил этиш, техникадан унумли фойдаланиш, бу ишга жалб этилганларга шарт-шароитлар яратиш юзасидан ўз фикрларини билдирдилар.

– Жорий йилда туманимиз бўйича 228 та фермер хўжалигининг 7132 гектар дала майдонига пахтанинг эртаки ва серҳосил- “Андижон 35” ҳамда “Султон” навлари экилиши режалаштирилган, – дейди туман қишлоқ хўжалиги бўлими бошлиғи Музаффар Ураимов. – Шундан 2413 гектар ерга чигит плёнка остига экилади. Мавсумни тез ва соз ўтказиш учун 20 та чигит экиш отряди шакллантирилди. Айни кунларда 82 та сеялка ва бошқа зарур теҳника, уларга хизмат кўрсатиш учун кўчма устахоналар дала бошига келтирилган.

Шу кунга қадар туманимиз бўйича 550 гектар майдонга барака уруғи қадалди. Мавсумда Янги Ваҳим, Сардор, Ўрта Шаҳрихон, Сегаза, Абдубий массивлари фермерлари жонбозлик билан меҳнат қилиб, бошқаларга ибрат бўлмоқдалар.

Фото: Рустамбек АРАББОЕВ.

Газетамиз саҳифаланаётганда бир хушхабар келди. Туманда биринчи бўлиб барака уруғини қадаган Сардор массивидаги  «Қашқар диёри» фермер хўжалиги далаларида чигит бир текис униб чиқди.

М.Ғозиев.

Добавить комментарий