ТОМОРҚА – ХОНАДОН БАРАКАСИ

Жамият
Фото: Рустамбек АРАББОЕВ.

Туманимизда ўз томорқасидан омилкорлик билан фойдаланиб, озиқ-овқат маҳсулотлари етиштирувчи тадбиркор хонадонлар сафи йил сайин кўпайиб бормоқда. Бунинг натижасида бозорларимизда арзончилик ва серобчилик таъминланяпти.

Маълумотларга кўра, туманимиздаги 76 та маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида 45930 та хонадон мавжуд. Улардаги экин майдони 1390 гектарни ташкил этади. Деҳқончиликнинг ҳадисини олган миришкорлар ўз томорқаларида картошка, пиёз, сабзи, турп, шолғом, карам, ошқовоқ, лавлаги, саримсоқ пиёз каби маҳсулотларни етиштирмоқдалар. Иссиқхоналарда эса лимон, апельсин, мандарин  сингари  цитрус мевалар, эртаки помидор, бодринг, қалампир, булғор қалампири, исмалоқ ҳамда таомбоп турли резаворлар парваришланяпти. Энг муҳими, ҳар қарич ердан унумли фойдаланиб, томорқачиликни янада ривожлантириш ҳаракатида бўлган тадбиркор деҳқонлар йилига 3 мартагача ҳосил олиб, бозорларимиз мўл-кўл бўлишига катта ҳисса қўшиш билан бир қаторда, каттагина даромад ҳам қилишяпти.

Ўлкамизда яшариш, янгиланиш ҳамда меҳнат фасли бўлган баҳор бошланди. Бугун қайси маҳаллага борманг, қай бир хонадонга кирманг, ҳамюртларимизнинг мевали, манзарали дарахтлар, гул кўчатлари ўтқазиш, экин экиш ишларига андармон бўлаётганларига гувоҳ бўласиз.

Томорқа каттагина даромад манбаи эканлигини яхши билган Янги Ваҳим маҳалласидаги Латифжон Мамажоновлар оиласи ҳам бир неча йилдирки, деҳқончилик билан шуғулланиб келади. Айни кунда улар хонадонига кирсангиз, томорқадаги 2 та 4 сотихли иссиқхонада баравж ўсаётган бодрингни кўриб ҳавасланасиз. Бундан ташқари, куртаклари аста гулга айланишга чоғланаётган гилос, олма, ўрик, шафтоли ва шу каби бошқа мевали дарахтлар нигоҳингизни тортиб, кайфиятингизни кўтаради. Шунингдек, томорқаси томорқасига туташ бўлган қўшни хонадон соҳиби  Исроилжон Бердиқулов хонадонида етилаётган редиска, кашнич, укроп ҳадемай бозорга олиб чиқилади.

Мабодо йўлингиз тушиб, Эшонқишлоқ маҳалласига борсангиз, ҳозирда 60 ёшни қаршиласада, аммо, ҳали тетик, серғайрат бўлган Ширмонхон Султонова ҳақида илиқ гапларни эшитасиз. Онахон йилнинг тўрт фаслида ҳам бўш ўтирмайди, ҳамиша зироатчилик ишлари билан машғул. Ҳозирги кунда ҳам хонадондаги 2 сотихли лимонарияда гўё ёз фасли ҳукмрондай. Гарчанд шифобахш ҳисобланган лимон мевалари узиб олинган бўлсада, кўчатлари гуркираб навбатдаги ҳосилга гуллаган. Лимон кўчатлари орасига экилган резавор экинлари парваришида унга ўғли Акмалжон ва келини Дилдорахонлар доимо яқин кўмакчи.

Сегаза қишлоғи ўрамидаги Ортиш маҳалласида ҳам тадбиркор деҳқонлар талайгина. Зоҳиджон Йўлдашевлар оиласи ҳам эртаки карам етиштириш бўйича кўп йиллик тажрибага эга. Баҳор қуёши борлиқни илитаётган шу кунларда хонадондаги 10 сотихли иссиқхонада меҳр билан парваришланаётган карам пишиб етилмоқда. Шу маҳаллалик Зайнобиддин Абдуолимов эса 6 сотихли плёнка остида ўсаётган булғор қалампири атрофида куну тун парвона. Негаки, ёш ниҳолни бир хил ҳароратда асраш керак. Чунки, у ерда ризқ-рўз яратиляпти. Деҳқончиликдан келадиган даромад эвазига оила даромади янада ошади. Хонадонда тўйлар бўлади. Умуман айтганда, топганлари яхшиликларга сарфланади.

— Маҳалламизда бекорчининг ўзи йўқ, — дейди Ортиш МФЙ раиси Таваккил Иминов. — Бугун ҳамма ўз томорқасида иш билан банд. Сайёрахон Жамолдинова ва Маҳаммаджон Рустамовлар ҳам қўшнилари каби ўз хонадонларига иссиқхона қуриш ҳаракатида. Улар экинларни томчилатиб суғориш усулини жорий этишмоқчи

— Томорқа – хонадон баракаси, — дейди Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича туман Кенгаши раиси ўринбосари Иномжон Омонов. – Кимки, фидойилик билан, астойдил меҳнат қилса, асло кам бўлмайди. Рўзғор бут бўлиб, етишмовчилик сезилмайди. Оилангиздан ортганини бозорга олиб чиқсангиз, ҳам савобга, ҳам даромадга эга бўласиз. Маълумки, мамлакатимизда 25 февралдан деҳқончилик бўйича долзарб ойлик эълон қилинган. Айни кунларда туманда тузилган ишчи гуруҳ аъзолари билан барча маҳаллаларда бўлиб хонадонлар томорқасига баҳорги экинлар экиш юзасидан ҳам тарғибот, ҳам назорат ишлари олиб борямиз. Бу долзарб жараёнда кўплаб ҳафсалали, ҳавасманд ва ғайрат-шижоатли хонадон эгаларининг ўз томорқаларига турли экинлар экаётганликларига гувоҳ бўляпмиз. Мисол учун, Юзлар маҳалласида яшовчи Абобакир Маматисақов хонадонида бўлганимизда, 2 та иссиқхонада парваришланаётган 3,5 минг туп помидор кўчатининг қийғос гуллаганига, очиқ майдонга экилган картошка эса ниш уриб чиққанини кўриб, хонадон соҳибига тасанно айтдик. Бироқ, ери ерига туташ, бир ариқдан сув ичадиган баъзи хонадон эгаларининг эътиборсизлигидан афсусланасиз. Мўъжазгина томорқасига экин экиш учун барча имкониятлар бўлсада, аммо, дангасалик қилаётган айрим юртдошларимизни ҳам учратдик. Ана шундай салбий ҳолатлар Бобочек, Қозиқўрғон, Янги маҳалла, Оқ олтин, Маслаҳаттепа, Баркамол авлод МФЙларда яққол кўзга ташланди.

Яқинда Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши ҳамда Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика Кенгашининг деҳқонлар ва томорқа ер эгаларига мурожаати эълон қилинди. Унда таъкидланганидек, “…томорқаларимизда сабзавот ва полиз маҳсулотлари, сархил мевалар етиштириб, халқимиз дастурхонининг тўкин, ҳаётининг фаровонлигини таъминлаш йўлидаги имкониятларимиздан самарали фойдаланайлик!”

Турсунмуҳаммад МАДАМИНОВ, “Шаҳрихон” мухбири.

Добавить комментарий