БУВАЙДАЛИКЛАРГА БАЙРАМ ТУҲФАСИ

Ўзбекистон
Фото: Рустамбек АРАББОЕВ

Наврўз айёми Бувайда МФЙ аҳли учун қўшалоқ байрамга айланди. Шу куни маҳаллада тадбиркор Мансурбек Мамаюсупов томонидан янги барпо этилган давлат-хусусий шерикчилик асосидаги “Зарра зар” деб номланган нодавлат мактабгача таълим муассасаси фойдаланишга топширилди.

Фото: Рустамбек АРАББОЕВ.

Кўркам қиёфада қад ростлаган бу икки қаватли замонавий маскан 300 ўринга мўлжалланган. Машғулотлар ўтказиладиган хоналар, ётоқхона, ошхона бугунги кун талаблари асосида жиҳозланган. Бу ерда тарбияланувчи болажонлар учун барча шарт-шароитлар муҳайё этилган. Ранг-баранг ўйинчоқ, кўргазмали ўқув қуроллари, зарур қўлланмалар мавжуд.

Фото: Рустамбек АРАББОЕВ.

Муассасанинг тантанали очилиши маросимига педагоглар, фахрийлар, маҳалла фаоллари, кенг жамоатчилик вакиллари таклиф этилди. Унда сўз олган вилоят ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси М.Юнусова, меҳнат фахрийси М.Отабоевлар мамлакатимизда муҳтарам Президентимиз раҳнамолигида ёш авлодни ҳар томонлама соғлом ва баркамол этиб тарбиялаш борасида амалга оширилаётган ишлар, мактабча таълим тизимидаги ислоҳотлар хусусида гапириб, барчани қўшалоқ байрам билан муборакбод этдилар. Шундан сўнг мазкур таълим масканини барпо этишга муносиб ҳисса қўшган бир гуруҳ қурувчиларга ташаккурнома ҳамда эсдалик совғалари топширилди.

Фото: Рустамбек АРАББОЕВ.

Ушбу  маросим маҳалла аҳлининг Наврўз шодиёналарига уланиб кетди.

Фото: Рустамбек АРАББОЕВ.

Дилрабо наволар, жозибали рақслар иштирокчиларга олам-олам завқ-шавқ улашди. Айниқса, таниқли эстрада хонандаси Миродил Ҳакимов ижросидаги қўшиқлар барчага бирдек манзур бўлди.

Фото: Рустамбек АРАББОЕВ.

Тадбирда туман ҳокими Ҳ.Дадахонов қатнашди.

Р.АРАББОЕВ.

Добавить комментарий