ЭРТА ТУРМУШ ҚУРИШ САЛБИЙ ОҚИБАТЛАРГА ОЛИБ КЕЛАДИ

Жамият

Бугунги кунда оилавий ажримлар сони ортиб бораётгани кўпчиликни ташвишлантирмоқда.  Бу нохуш ҳолат сабабларидан бири шубҳасиз, қизларнинг ҳали оилавий турмушга тайёр бўлмай узатилаётганидир.  Муқаддас Ислом динида ҳали балоғатга етмаган, турмушга тайёр бўлмаган ўсмир қизларни узатиш ёки никоҳлаш лозим, деган гап йўқ. Ҳатто балоғатга етган, жисмоний тарафдан турмушга тайёр йигит, агар оилани боқа олмаса, унинг уйланиши шарт эмаслиги айтилади.

Мутахассислар 16–17 ёшли қизлар оилавий ҳаётга тайёр эмаслиги, ҳо­мила­дорлик ва туғ­уруқ ҳолатида қий­на­либ қолаёт­ганини айтиб, уларни 20-22 ёшларида турмушга беришни, йигитларга 24-25 ёшларда уйланишни тавсия қилишмоқда.

Амалдаги қонунларимизга кўра, расмий никоҳдан ўтиш учун ёшлар тўйдан бир ой олдин ФҲДЁ идораларига ариза топширади. Бу ерда уларга тиббий кўрикдан ўтиш учун йўлланма берилади. Тиббий кўрик варақаси тўлдирилган ҳолдагина фуқароларнинг расмий никоҳи қайд этилади. Келин-куёвларни тўйдан олдин мажбурий равишда тиббий кўрикдан ўтказиш белгилангани бежиз эмас. Йигит ёки қиз яширин тарзда кечаётган бирор касалликка чалинган, уни ўзи ҳам сезмай юрган бўлиши мумкин. Одатда  ҳасталикни даволамай туриб, қизларнинг ҳомиладор бўлиши ногирон фарзанд туғилишига олиб келиши ҳаётда кўп исботланган. Ҳар қандай касалликни оила қуришдан аввал даволаш осон.

Давлатимиз яратаётган бу каби шароитлар соғлом турмуш тарзини шакллантириш орқали оила мустаҳкамлигини таъминлашга қаратилган. Зеро, оилада йигит ва қиз ўз вазифа ва масъулиятларини адо этишлари, соғлом зурриётларни дунёга келтиришлари учун аввало, ўзлари соғлом бўлишлари зарур. Шунинг учун ҳам никоҳдан олдинги тиббий кўрикнинг аҳамияти тўғрисида  кенг кўламда тарғибот-тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Бироқ, айрим ота-оналар орасида “Қизимиз турмушга чиқмай шифокорларга учраб юришини одамлар нотўғри тушунади?” деб ўйлайдиганлари ҳам йўқ эмас. Баъзи йигитлар эса тиббий кўрик маълумотларини қинғир йўллар билан тўғрилашга ҳаракат қиладилар. Бунинг оқибатида гиёҳвандликка берилган ёки наслий касаллиги бўлган куёвга узатиш оқибатида бахтсиз бўлган қизлар, бундан пушаймон чеккан ота-оналар ҳаётда учраб туради.

Шифокорларнинг таъкидлашича, аксарият эрта оила қурган қизларда камқонлик, камқувватлик кузатилади. Бу ҳол келинларнинг узоқ вақт бўйида бўлмаслиги, ҳомиладорлик оғир кечишига, гўдаклар нобуд бўлиши ёки ногирон туғилишига, туғуруқдан кейинги турли асоратларга, ҳатто бепуштликка сабаб бўлади.

Шу ўринда алоҳида қайд этиш жоизки,
оила, турмуш ҳақида керакли кўникмаларни эгалламай туриб, турмушга чиққан қиз ҳақиқий оила бекаси  вазифасини тўкис адо эта олмайди. Ёшлар албатта, ўрта мактабни, лицей ёки коллежни тамомлаб, зарур билим, касб-ҳунарга эга бўлиши керак. Зеро, динимиз таълимотларига кўра илм олиш, маърифатли бўлиш, ҳаёт учун зарур бўлган барча кўникмаларни ўрганиш ҳар бир қиз бола учун ҳам фарздир. Энг асосийси, илмли ва касб-ҳунарли аёлгина фарзандининг комил инсон бўлишига интилади.

Бугунги кунда амалдаги қонун-қоидаларга беписанд муносабатда бўлиб,  ўзбошимчалик билан юқорида айтилган никоҳ шартлари бажарилишини сўраб-суриштирмай, боз устига, ёшларга оилада эр ва хотиннинг ҳақ-ҳуқуқларини, бурч-мажбуриятларини тушунтирмасдан, келин-куёвларга зарурий насиҳат-ўгитларни бермасдан шаръий никоҳ ўқиётган чаласавод кимсалар ҳам борлиги афсусланарлидир. Улар икки ёшни никоҳлашдек масъулиятли ишни яширинча ўтказишга уринадилар. Бу эса пойдевори мустаҳкам бўлмаган оила­лар пайдо бўлишига асосий омил бўлмоқда. Оқибатда ажримлар сони ортиб, нотўлиқ оилалар кўпаймоқда. Бундай нохуш ҳолатлар болаларнинг таълим-тарбиясига ҳам салбий таъсир кўрсатади.

Шунинг учун ҳам ёшлар ўртасида оила ва никоҳнинг муқаддаслиги, эрта ҳамда қариндошлар ўртасида турмуш қуришнинг салбий оқибатлари, оилада эр ва хотиннинг ўрни, бурчи, вазифаси ҳақида тарғибот-тушунтириш ишларини самарали ташкил этиш жуда ҳам муҳимдир. Бу борада нуронийлар, кайвони онахонларнинг ҳаётий тажрибаларидан унумли  фойдаланиш, давлат ва нодавлат ташкилотлари, уламолар ҳамкорлигини кучайтириш зарур.

Насибилло Юнусалиев

Добавить комментарий