Президентимизнинг 2018 йил 2 февралда қабул қилинган «Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида «Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази ташкил этилди.
Жамиятда замонавий намунали оила мезонларини жорий этиш, фундаментал, амалий, инновацион тадқиқотларни ташкил этиш ва ўтказиш, давлат ва нодавлат ташкилотлари, фуқаролик жамияти институтларини оилани мустаҳкамлаш ғояси атрофида бирлаштириш, мамлакатда фақат соғлом оила соғлом жамият асоси бўла олишдек эзгу ғояни аҳоли онгига сингдириш марказ фаолиятининг асосий мезонларидан ҳисобланади.
Марказ олдига қўйилган вазифалар ижросини таъминлашда етакчи олимлар, психологлар, шифокорлар, ҳуқуқшунослар, экспертлар, оилашунослар билан кенг амалий ҳамкорликда ҳудудлар кесимида оилалар барқарорлиги ва ривожланишига, репродуктив саломатлик даражасига таъсир этадиган муаммоларни аниқлаш, соҳадаги ҳолатларни баҳолаш, муаммоларни ҳал этишга оид кўплаб изланишлар олиб борилмоқда.
Ёш оилалар ўртасида ажримлар сабабларини ўрганиш мақсадида йигит-қизлар ўртасида ижтимоий сўровлар, шунингдек, «Сиз оила қуришга тайёрмисиз?» мавзусида экспресс сўров ўтказилди. Аниқланган муаммолар бўйича ўтказилаётган ўқув машғулотлари ёшларда жамият, оила, ота-она олдидаги масъулиятни теран англаш имконини бермоқда.
Марказнинг туман бўлими ҳокимлик, хотин-қизлар қўмитаси, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, тиббиёт бирлашмаси, ФҲДЁ бўлими каби ташкилотлар билан яқин ҳамкорликда фаолият кўрсатмоқда.
Жорий йилнинг биринчи чорагида 3 та фундаментал тадқиқотлар ишида иштирок этиб, туманимиз аҳолисининг демографик, ижтимоий, маиший ҳаётига оид маълумотлар аниқланишига ҳисса қўшдик.
Маълумки, бугунги кунда оилавий ажримларнинг кўпайиб бораётгани барчани бирдек ташвишга солмоқда. Марказимиз давлат ва нодавлат ташкилотлари билан биргаликда бу нохуш ҳолатлар сабабларини ўрганмоқда. Назармаҳрам, Ортиш, Баркамол авлод, Сарой, Навбаҳор, Терактаги, Эшонқишлоқ, Абдубий каби МФЙларнинг яраштириш комиссиялари билан биргаликда олиб борилган профилактик тадбирлар натижасида ажралиш арафасида турган 16 оила яраштирилди. Уларнинг ишга жойлашиш, маиший етишмовчилик ва бошқа муаммолари маҳалла фуқаролар йиғинлари билан ҳамкорликда ижобий ҳал этилди. Шу билан бирга бундай оилаларга туман Адлия бўлими томонидан ҳуқуқий маслаҳатлар ҳам бериб борилмоқда.
Бироқ, олиб борилаётган ишлар, ўзаро ҳамкорлигимиз етарли эмаслигини қуйидаги рақамлар ҳам яққол кўрсатиб турибди. Ўтган йилнинг 1-чорагида оилавий ажримлар 64 та бўлган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткич 83 тани ташкил этгани жуда ҳам ачинарлидир. Бундай ҳолатлар ўз навбатида нотўлиқ оилаларнинг кўпайишига сабаб бўлмоқда. Энг афсусланарлиси, оилавий ажримлар ота ёки она меҳридан жудо бўлаётган болаларнинг таълим-тарбиясига жиддий таъсир кўрсатмоқда. Бўз туманлараро фуқаролик судига ажралиш учун берилган аризалар сони 1 – чоракда 153 тани ташкил этаётганини ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди.
Ўтказилган тезкор тадқиқотлар натижасига кўра, ўрганилган 52 оиладан 21 таси (40,3 фоиз) эр-хотиннинг ўзаро келишмовчилиги, 19 таси (36,5 фоиз) кайнона-келин можароси, 4 таси (7,7 фоиз) эр ёки хотиннинг хиёнати, 4 таси (7,7 фоиз) аёл соғлиғининг ёмонлашуви, 1 таси хотиннинг чет элга ишлашга кетгани, 1 таси эса келиннинг қўли эгрилигига гумонланиб ажрашиш учун ариза берилганлиги аниқланди. Шунингдек, фарзандсизлик, қизларнинг ҳали оилавий ҳаётга тайёр бўлмай, эрта турмушга узатилиши, йигит ёки қизнинг бирон касб-ҳунарни эгалламагани, доимий иш ўрнига эга эмаслиги, бунинг натижасида оиладаги етишмовчилик, қариндошлар ўртасидаги никоҳлар оқибатида ногирон фарзандларнинг дунёга келиши ҳам ажримларнинг асосий сабаблари ҳисобланади.
Оила қуришда шошма-шошарлик, келин-куёв бир-бирини синаб, ўрганиб бир қарорга келмаслиги ҳам оилалар мустаҳкамлигига салбий таъсир кўрсатмоқда. Ўрганилган оилаларнинг 34 таси (62 фоиз) турмуш куришдан аввал йигит-қиз фақат бир мартагина кўришганлигини эътироф этишди.
Фуқаролик ишлари бўйича Бўз туманлараро суди маълумотларига кўра, туманмизнинг Сегаза, Найман, Маслаҳаттепа, Сохиобод каби маҳаллаларидан оилавий ажралиш юзасидан энг кўп аризалар берилган.
Шу ўринда маҳалла фуқаролар йиғинлари қошидаги яраштириш комиссиялари етарли даражада фаолият кўрсатмаётганини ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз. МФЙ раиси раҳбарлик қиладиган ушбу комиссия маҳалланинг энг обрўли фаолларидан иборат бўлиши зарур. Айрим маҳаллалардаги комиссияларнинг янгиланган таркибини ўрганганимизда ҳудудда фаолият кўрсатаётган зиё масканлари раҳбарлари, психологлар умуман киритилмаганини қандай изоҳлаш мумкин?
Оила – муқаддас. Бу даргоҳда соғлом муҳитни қарор топтириш, уларнинг иқтисодий ва маънавий асосларини мустаҳкамлаш, турли низо ва келишмовчиликларнинг олдини олиш, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш бугунги кундаги энг долзарб вазифадир. Бу борада хотин қизлар қўмитаси, Ёшлар иттифоки, “Нуроний, “Маънавият ва маърифат” маркази каби ташкилотлар, ўзини ўзи бошқариш органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, кенг жамоатчиликнинг ўзаро ҳамкорлиги жуда ҳам муҳимдир. Зеро, мустаҳкам оила соғлом жамият пойдеворидир.
Бахтиёр ҲУСАНОВ,
“Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази Шаҳрихон туман бўлими раҳбари