
Шаҳрихонлик маорифчилар махсус тартибда таҳсил олувчи ўқувчилар учун саёҳат уюштирди

Шаҳрихон туман ҳокимлиги, прокуратураси ва халқ таълим бўлими ташаббуси билан билим масканларида таҳсил олаётган кам таъминланган оилаларнинг фарзандлари ва уйда якка тартибда таълим олувчи жисмоний ёки психик ривожланишида нуқсони бўлган ҳамда узоқ вақт даволанишга муҳтож болалар учун вилоятимизнинг диққатга сазовор жойларига саёҳат уюштирилди.

Иштирокчилар дастлаб Марҳамат тумани Қовунчи қишлоғида жойлашган Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф туғилган хонадонда ва у ўқиган мактабда бўлишиб, севимли ижодкорлари ҳақида маълумотларга эга бўлдилар. Шунингдек, ўзлари ёдлаган шеърларини айтиб бердилар.

Кунинг иккинчи кунида саёҳат Андижон шаҳрининг Боғишамол даҳасида жойлашган “Ҳайвонот боғи”да давом этган. Бу ерда болалар турли мамлакатлардан олиб келинган қуш ва ҳайвонларни кузатишган.

Саёҳат туман халқ таълими бўлими биносида ташкил этилган тадбир билан якунланган.
Шу куни ўқувчилар учун дастурхон ёзилиб, маданий-маърифий тадбир уюштирилган.

Ҳар бир ўқувчи ташкилотчилар томонидан эсдалик совғалари билан тақдирланган.