Маълумки, давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 12 декабрдаги “Аҳолига давлат хизматлари кўрсатишнинг миллий тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони билан туман ва шаҳарларда юридик ва жисмоний шахсларга давлат хизматлари кўрсатувчи Давлат хизматлари марказлари ташкил этилди. Бундан кўзланган асосий мақсад аҳолига тез, қулай ва шаффоф давлат хизматлари кўрсатиш, юртдошларимиз оғирини енгил қилиш, халқимизнинг ҳаётдан рози бўлиб, бахтли яшашларини таъминлашдан иборатдир.
Жорий йилнинг 15 февраль кунги Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Давлат хизматлари кўрсатиш миллий тизимини янада комплекс ривожланиш чоралари ҳақида»ги қарори бу борада амалга оширилаётган ишларни янги босқичга олиб чиқди. Мазкур муҳим ҳужжат асосида тадбиркорлик фаолияти соҳасида рухсат бериш тартибини янада соддалаштириш, “Электрон ҳукумат” тизимини такомиллаштириш, бир қанча маълумотларни талаб қилиш тартибини бекор қилиш, экспресс-хизматлари кўрсатиш тизимини жорий этиш белгиланган.
Мазкур қулайликлар ўзининг ижобий самараларини кўрсатаётир. Жорий йилнинг биринчи чорагида 181 та юридик ташкилот, 755 та якка тартибдаги тадбиркор давлат рўйхатидан ўтказилди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 160 фоизга ўсган. Шунингдек, 5300 дан ортиқ юридик ва жисмоний шахсларга давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳамда тижорат банклари томонидан кўрсатиладиган барча турдаги хизматлардан эркин фойдаланишни таъминлайдиган электрон рақамли имзо сертификатлари берилди. 100 дан ортиқ бошқа давлат хизматлари кўрсатиш бўйича эса 2019 йил биринчи чорагида 13 мингта хизмат кўрсатилди. Бу эса ўтган йил давомидаги жами хизматлардан кўпроқдир.
Хулоса қилиб айтганда, давлат хизматлари кўрсатишнинг тезкор, қулай, шаффоф тизими яратилаётгани халқимизнинг давлат ва жамиятга ишончини янада мустаҳкамлашга хизмат қилаётир.
Элёр ҚОСИМОВ, туман давлат хизматлари маркази директори.