41-умумтаълим мактаби Шаҳрихон туманидаги энг ибратли таълим масканларидан бири ҳисобланади. Ўз даврида бу муассасада соҳада мактаб яратган, иш услублари мамлакат миқёсида оммалаштирилган улуғ инсонлар фаолият кўрсатган. Бугун ҳам мактабда бундай фидойи педагогларнинг ўнлаб издошлари меҳнат қилаётгани қувонарлидир.
Мазкур билим даргоҳининг рус тили ва адабиёти фани ўқитувчилари Садоқатхон Қодирова ҳамда Саодатхон Муллаевалар устозлари изидан бориб, ёшларга таълим-тарбия беришда бошқаларга ўрнак бўлмоқдалар. С.Муллаеванинг шогирдлари бир неча йилдан буён фан олимпиадалари ва “Билимлар беллашуви”нинг туман, вилоят босқичларида муносиб иштирок этиб, фахрли ўринларни қўлга киритиб келмоқдалар. С.Қодирова ҳам ҳар бир дарсни замонавий педагогик технологиялар асосида, ноанъанавий усулларда ўтишга ҳаракат қилади. Шунинг учун ҳам улар жамоада ҳам, маҳаллада ҳам катта обрў-эътибор қозонганлар.
Яқинда бу икки изланувчан педагог ташаббуси билан мактабда 2-синф ўқувчилари ўртасида рус тили фанидан “Алифбе байрами” ўтказилди. Унда ўқитувчи-мураббийлар, ўқувчилар, уларнинг ота-оналари, маҳалла фаоллари иштирок этди. Болажонлар йил давомида рус тилидан олган сабоқларини ёд олган шеърлари, турли саҳна кўринишлари орқали намойиш қилдилар. Тадбирда қўшиқлар рақсларга уланди. Бир сўз билан айтганда, ота-оналар ўз фарзандлари бошқа тилларни ҳам пухта ўзлаштираётганидан мамнун бўлдилар.
— Жамоамиз С.Қодирова ва С.Муллаева каби ташаббускор муаллимларимиз билан фахрланади, — дейди мактаб директори Н.Раҳмонова. – Улар ўқувчиларга пухта билим бериш билан бирга, муассасамизда ўтказиладиган турли маданий-маърифий тадбирларга бош-қош бўладилар. Шунингдек, кўплаб ёш педагогларга устозлик қилиб, соҳа сир-асрорларини эринмай ўргатиб келмоқдалар.
Тиниб-тинчимас, жонбозу жонсарак бу ўқитувчилар “Хотира ва қадрлаш куни” муносабати билан яна бир савобли ишга қўл урдилар. Уларнинг ташаббуси билан нафақат Ўзбекистонимизда, балки, кўплаб давлатларда довруғ қозонган Халқ ўқитувчиси Мамажон ота Абдурасулов хонадонига ташриф уюштирилди. Ўқитувчи ва ўқувчилар отахоннинг ҳолидан хабар олдилар, унга байрам совғалари топширдилар. М.Абдурасулов кўрсатилган ҳурмат-эҳтиромдан жуда хурсанд бўлди ва ёш педагогларга ўз ҳаётий тажрибаларидан сўзлаб берди.
Шундай фидойи, жонкуяр устозлар бор экан, фарзанларимиз ҳар томонлама баркамол, комил инсонлар бўлиб етишишлари шубҳасиздир.
Рустамбек АРАББОЕВ.