Бугун юртимизда ёши улуғ инсонларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларга юксак ғамхўрлик ва эътибор кўрсатиш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган. Уруш, фронторти ва меҳнат фахрийларининг турмуш даражасини янада яхшилаш, саломатликларини мустаҳкамлаш учун керакли шарт-шароит ҳамда қулайликлар яратилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг шу йил 23 апрелдаги «Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида»ги Фармони ҳамда “Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори ҳам бунинг ёрқин мисолидир.
Шаҳрихон туманида бу йил ҳам «Хотира ва қадрлаш куни» байрамига пухта тайёргарлик кўрилди. Бугунги дориломон кунлар учун жанггоҳларда матонат кўрсатган, фронт ортида кунларни тунларга улаб меҳнат қилган, бугун орамизда бўлмаган инсонлар хотирланди, уларнинг оилаларидан хабар олинди. Туманимизда истиқомат қилаётган 5 нафар иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси хонадонларига туман ҳокимлиги, хуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, жамоат ташкилотлари, ўзини ўзи бошқариш органлари, ёшлар вакилларининг ташрифлари уюштирилди. Шунингдек, фронторти фахрийлари ҳолидан ҳам хабар олинди. Уларга байрам совғалари топширилди. Маҳаллаларда, ташкилот ва ўқув юртларида уруш ва меҳнат фахрийлари иштирокида турли маданий-маърифий тадбирлар, учрашувлар, қадрлаш кечалари юқори савияда ташкил қилинди.
Туман марказида байрамнинг асосий тантаналари 8 май куни бўлиб ўтди. Шу куни Хотира майдони ҳар қачонгидан ҳам гавжум бўлди. Бу ерда туман ҳокими ва унинг ўринбосарлари, ҳуқуқ-тартибот идоралари, жамоат ташкилотлари, ўзини ўзи бошқариш органлари раҳбарлари, уруш ва меҳнат фахрийлари, афғон уруши иштирокчилари, Чернобиль АЭС ҳалокатини бартараф этишда қатнашган юртдошларимиз ҳамда ёшлар вакиллари ҳозир бўлдилар.
Эрталаб соат 9:00.
Дастлаб тадбир иштирокчилари Хотира майдонидаги ёдгорлик пойига гулчамбарлар қўйдилар. Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган ҳамюртларимиз хотирланиб, бир дақиқа сукут сақланди.
Фото: Рустамбек АРАББОЕВ.
Шундан сўнг туманимизнинг марказий кўчасида байрам муносабати билан ҳарбий парад бўлиб ўтди. Майдонга тантанавор мусиқа садолари остида туман ички ишлар, халқ таълими, мактабгача таълим, ўрта махсус касб-хунар таълими муассасалари жамоалари кириб келди. “Ватанпарвар” ташкилоти Шаҳрихон автомобиль мактабига қарашли автомобиллар карвонини иштирокчилар катта олқишлар билан кутиб олдилар.
Миллий гвардия хизматчиларидан иборат колонналар, ҳарбий техникалар юриши барчага олам-олам завқ-шавқ улашди. Улар томонидан намойиш этилган ҳарбий-спорт машқлари, жанговар тайёргарлик кўринишлари шаҳрихонликларда катта таассуротлар қолдирди.
-Кейинги пайтларда туманимизда ёшларни ҳақиқий мард, ватанпарвар этиб тарбиялашга хизмат қиладиган тадбирлар ўтказиш анъанага айланаётгани жуда ҳам қувонарлидир. — дейди меҳнат фахрийси Ғуломжон ота Мирзааҳмедов. — Байрам муносабати билан ташкил этилган бугунги шодиёнада ҳам минглаб шаҳрихонликлар иштирок этди. Ҳар бир чиқишлар юртдошларимизга жуда манзур бўлди.
Хотира ва қадрлаш куни тадбирлари туманимиздаги барча маҳаллаларда, меҳнат жамоаларида, таълим муассасаларида кўтаринки руҳда ўтди.
Баҳодир СИДДИҚОВ, Маъруфжон ҒОЗИЕВ.