Мамлакатимизда ҳар томонлама етук ва малакали кадрларни тайёрлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилиб келинмоқда. Ёшларнинг назарий олган билимларини амалиётда синаб кўришлари учун кенг шароитлар яратилган. Бу эса таълим даргоҳини битирган навқирон авлодни ўз соҳасида бемалол ишлай олишига замин яратаётир.
Давлат солиқ қўмитаси томонидан солиқ коллежлари битирувчилари иштирокида ҳудудлар миқёсида касбий кўникмаларини намойиш қилишга қаратилган тақдимотлар ўтказиш бўйича чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган. Шунга мувофиқ, туман давлат солиқ инспекциясида 1 йиллик амалиёт ўтаган Фарғона давлат солиқ коллежи битирувчиларини тақдимот маросими бўлиб ўтди. Унда соҳа ходимлари, коллеж ўқитувчи-мураббийлари ва битирувчиларнинг ота-оналари иштирок этди.
Ахборот-таништирув тарзида кечган тадбирда ёш мутахассислар солиқ соҳасида олган назарий билимлари ва амалиётда ўрганган ишларини кўрсатиб бердилар. Малакали мутахассислар ҳар бир иштирокчининг коллежда олган билимларини амалиётда нечоғли қўллай олганлигини атрофлича ўрганиб чиқиб, маърузалар ва солиқ соҳасидаги иш юритиш бўйича берган саволларига жавоб олдилар.
— Ҳар бир соҳада олинган илм амалиёт орқали мустаҳкамланади, — дейди туман ДСИ бош инспектори Элёрбек Усмонов.– Икки талаба – Зуҳриддин Аъзамжонов ва Беҳзодбек Сойибжонов тўртинчи йилни инспекциямизда тўлиқ иш жараёни билан яқиндан танишишда ўтказишди. Тақдимот уларнинг амалиятда тобланганини кўрсатиб берди. Ишонаманки, улар шу ерда олган кўникмалари билан тизимда бемалол ишлаб кета оладилар.
Бу каби тадбирлар нафақат ёш мутахассисларнинг билим ва малакасини оширишга, балки солиқ соҳасини салоҳиятли кадрлар билан таъминлашга ҳам хизмат қилади.
Д.Парпиев Андижон вилояти
ДСБ катта инспектори.