МАЪНАВИЯТ ФИДОЙИСИ

Жамият

“Амир Темур ўгитлари”да шундай фикрлар бор: “Китоб-барча бунёдкорлик, яратувчилик ва ақл-идрокнинг, илму донишнинг асосидир. Ҳаётни ўргатувчи мураббийдир”. Дарҳақиқат, китоб билим калити, катта маънавий озуқадир. Шунинг учун ҳам муҳтарам Президентимиз аҳоли ўртасида китобхонлик маданиятини шакллантириш, айниқса, ёшларни китоб мутолаасига бўлган қизиқишларини оширишга катта аҳамият қаратмоқда.         Бу борада мунтазам равишда турли танловлар, адабий кечалар, маданий-маърифий тадбирлар ўтказилаётгани, уларда келажагимиз эгалари фаол иштирок этаётганлари жуда ҳам қувонаридир.

Орамизда ёшлар маънавиятини юксалтириш борасида жонбозлик билан меҳнат қилаётган фидойи инсонлар талайгина. Улардан бири туманимизнинг Юзлар маҳаллада яшовчи  Фаридахон Маматисақовадир. Бу жонкуяр инсон зиёлилар оиласида таваллуд топган. Отаси Мирзаҳаким Ғозиев (марҳум) куп йиллар 31-мактабда ёшларга физика-астрономия фанидан сабоқ берган, шу билан бирга, санъатнинг чин шайдоси эди. Онаси    Қумрихон опа оддий чевар бўлсада, жуда кўп китоб ўқирди.Амакилари ҳам педагог, муҳандис сифатида эл-юрт ишига камарбаста  инсонлар бўлишган. Оиладаги мана шундай муҳит Фаридахонда болалигидан илм-фанга катта қизиқиш уйғотган бўлса ачап эмас. У ўз қишлоғидаги 22-мактабда таҳсил олди. Уни тамомлагач,     1985 -1988 йилларда Бўз педагогика билим юртида ўқиди. Ўз меҳнат  фаолиятини  31- мактабда бошланғич синф ўқитувчиси сифатида бошлади. 1995 йилдан буён эса 22 -мактабда муаллимлик қиляпти. Ишдан ажралмаган ҳолда  Андижон Давлат Университетини тамомлаб, олий маълумот олди.

 

         Ф.Маматисақова 32 йилдирки, бошланғич синфларга дарс бериб келмоқда. У ҳар бир дарсни ноанъанавий усулларда, замонавий педагогик технологиялар асосида ўтишга интилади. Айниқса, болаларнинг дарсдан бўш вақтларини мазмунли ўтказишларига алоҳида аҳамият қаратади. Ёшларни китобга бўлган қизиқишларини ошириш опанинг энг катта мақсади. Шу мақсадда у қишлоқда мўъжазгина кутубхона очди. Дастлаб унда  60 та китоб бўлган бўлса, бугунги кунда бадиий адабиётлар сони икки мингдан ортди. Фидойи муаллима энг аввало, бу масканга ўз ўқувчиларини жалб этди. Уларни мутолаага қизиқтириш мақсадида 5 та китоб ўқиб, унинг мазмунини сўзлаб берган ўқувчига 1 дона китобни совға сифатида беради. Ҳар ой ўз маошидан янги китоблар харид қилиб, кутубхонасини бойитиб бормоқда. Натижада китобхонлар сони эса 400 нафардан ошди.Унинг бу ташаббуси кўпчиликда катта қизиқиш уйғотди. Яқинда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси вилоят Кенгаши томонидан кутубхонада кўргазмали семинар ўтказилди. Партия фаолларига барча туман-шахарлардаги маҳалларда мана шундай зиё масканлари ташкил этиш тавсия этилди.
      Фаридахон  опа тинимсиз изланишда. “Халқ таълими” журналининг 2019 йилги 2-сонида  унинг “Умумий ўрта таълим муассасаларида дарсдан ташқари машғулотларнинг ўрни” мавзусидаги илмий мақоласи чоп этилди.
19 апрель куни Ломоносов номидаги  Москва Давлат Университетининг Тошкент филиалида ўтказилган   халқаро илмий-амалий конференцияда фаол иштирок этиб, фахрли 3- ўринни эгаллади. Унга  диплом ва эсдалик совғалари топширилди.
АҚШнинг Бостон шаҳрида бўлиб ўтган “Замонавий фан ва таълим муаммолари ва истиқболларини малакавий илмий текшириш” мавзусидаги конференцияда Ф.Маматисақованинг “Бошланғич синфларда ифодали ўқиш малакасини шакллантириш” мавзусидаги мақоласи кўпчиликнинг эьтирофига сазовор бўлди. Унинг фидокорона меҳнатлари муносиб тақдирланаётгани қувонарлидир.
         Фаридахон опа фидойи педагог, фаол маънавиятчи бўлиш билан бирга, ибратли оила соҳибаси ҳамдир. У турмуш ўртоғи Анваржон ака билан 3 нафар фарзандни эл-юрт корига ярайдиган инсонлар қилиб тарбияламоқда. Катта ўғли Асрорбек ота касбини танлаган, яъни ҳайдовчи сифатида фаолият кўрсатмоқда. Қизлари Филурахон ва кенжа фарзанди Равшанмирзо Жанубий Кореядаги университетлардан бирида таҳсил олишмоқда.
         Дарвоқе, Ф.Маматисақова оиласи томорқадан самарали фойдаланишда бошқаларга ибрат бўлиб келаётганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Уларнинг хонадонида 8 сотих майдонда иссиқхона мавжуд. Омилкорлар қиш фаслида бу ерда помидор, бодринг, булғор қалампири кўчатлари етиштириб, ҳамқишлоқларига етказиб беради. Ундан сўнг иссиқхонада эртаки помидор етиштирилади. Бу йил томорқадан 25 миллион сўм фойда кўришди. Бунга кейинги ҳосилнинг даромадини ҳам қўшсангиз, томорқанинг хақиқий хазина эканлигига ишонч ҳосил қиласиз.
     Рустамбек АРАББОЕВ.

Добавить комментарий