“СЎНГГИ ҚЎНҒИРОҚ” ТАНТАНАЛАРИ

Ўзбекистон
Фото: Рустамбек АРАББОЕВ.

25 май куни туманимиздаги барча умумтаълим мактабларида “Сўнгги қўнғироқ” тадбирлари бўлиб ўтди. Шу куни минглаб ёшлар катта орзу-мақсадлар билан мустақил ҳаёт остонасига қадам қўйдилар.

58-умумтаълим мактабида ташкил этилган “Сўнгги қўнғироқ” тадбирида Андижон машинасозлик институти проректори Акмалжон Эрматов сўзга чиқиб, битирувчиларга оқ йўл тилади ва бир гуруҳ аълочи ўқувчиларга бадиий адабиётлар совға қилди.

-Бу йил мактабимизни 42 нафар ёш тамомламоқда, — дейди  муассаса директори Фаридахон Турдиева. – Уларнинг аксарияти олий таълим даргоҳларида ўқишларини давом эттириш ниятида. Бугун бутун жамоамиз, фахрий педегоглар билан биргаликда уларга омад ёр бўлишини тиладик. Ўқувчиларимиз келажакда эл-юрт ишига ҳақиқий камарбаста, фидойи инсонлар бўлиб, ҳаётда ўз ўрниларини топишларига ишонамиз.

14-умумтаълим мактабида ҳам мазкур тадбир кўтаринки руҳда ўтди. Битирувчиларни туман халқ таълими бўлими мудири Рустамжон Матбобоев  қутлаб, уларнинг келгуси ҳаётларида муваффақиятлар ёр бўлишини тилади. Ушбу эзгу истакка қўшилган фахрий устозлар ўқувчиларга Ватанни севиб, ардоқлаб, бугунги тинчлик-осойишталикнинг қадрига етиб, эл-юрт тақдирига дахлдорлик туйғуси билан яшаш лозимлигини яна бир бор таъкидладилар. Ўз навбатида битирувчилар ҳам сўз олиб, таълим-тарбия берган устозларига ишончларини оқлашга ваъда бердилар.

Ўқувчилари томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар йиғилганларни рақсга чорлади. Мактаб узра янграган “Сўнгги қўнғироқ” дилларга завқ-шавқ улашди.

-Бу йил туманимиздаги 68 та умумтаълим мактабини 3071 нафар ўқувчи тамомлаяпти, — дейди туман халқ таълими бўлими мудири ўринбосари Н.Сиддиқов. – “Сўнгги қўнғироқ” тадбири уларнинг ҳаётида энг унутилмас кун бўлиб қолади. Чунки шу куни улар катта ҳаётга қадам қўядилар. Шунинг учун ҳам ушбу тантанага туманимизда пухта тайёргарлик кўрилди. Унда туман ҳокимлиги, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, жамоат ташкилотлари, ўзини ўзи бошқариш органлари вакиллари, туман Кенгаши депутатлари иштирок этдилар. Ўқув йили давомида бошқаларга ўрнак кўрсатиб меҳнат қилган фидойи педагоглар, аълочи ва жамоатчи ўқувчилар муносиб рағбатлантирилди.

Бир сўз билан айтганда, “Сўнгги қўнғироқ”  шодиёналари зўр кўтаринкилик билан ўтиб, барча иштирокчиларда катта таассуротлар қолдирди.

М.Узоқов.

Добавить комментарий