Мамлакатимизда муҳтарам Юртбошимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида бошланган тараққиётнинг янги босқичида халқ билан мулоқот қилиш, одамларнинг ичига кириш, уларнинг дарду ташвишлари билан яшаш, инсон манфаатларини таъминлаш доимий вазифага айланди. Шу ўринда “Инсон манфаатлари ҳар нарсадан улуғ”, “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак”, деган эзгу тамойиллар ҳаётимиз мазмунига айланганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Бир сўз билан айтганда, юртимизда амалга оширилаётган ҳаётбахш ислоҳотлар замирида юртдошларимизнинг турмуш фаровонлигини янада яхшилаш, халқимизнинг давлатдан рози бўлиб, бахтли яшашларини таъминлашдек эзгу мақсадлар мужассам.
Яқинда Шаҳрихон тумани ҳокими Ҳикматилло Дадахонов фуқаролар билан навбатдаги қабулини ўтказди. Сектор раҳбарлари, тумандаги корхона, ташкилот, муассасалар мутасаддилари ҳам иштирок этган қабулда аҳолининг мурожаатлари атрофлича ўрганиб чиқилди.
Азамат маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Гуллола Йўлчиева ногиронлиги бор қизи учун аравача зарурлигини билдирди. Дарҳол ҳомийлар кўмагида мурожаатчининг эҳтиёжи қондирилди. Биргина Г. Йўлчиева эмас, балки шу куни 11 нафар ногиронга махсус аравачалар берилди.
Азамат Абдурасулов Қашқар маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилади. Банкдан имтиёзли кредит олиш истагида мурожаат қилди. “Миллийбанк” Шаҳрихон бўлими мутасаддиларига мазкур фуқарога амалий ёрдам кўрсатиш топширилди.
Маслаҳаттепа маҳалласидан Мамлакатхон Гулиеванинг мурожаати асосида унга суюлтирилган газ баллони берилди. Бегбаччалик Бахтигул Тўрақулова оилавий шароити оғирлиги туфайли моддий ёрдам сўради. Унга саховатли инсонлар кўмаклашди.
- Иморат солишда бироз қийинчилик сезиб, қабулга келган эдим, — дейди қуруқсойлик Т.Исмонова. – Мурожаатим бўйича менга шифер ва бошқа қурилиш ашёларидан ёрдам кўрсатилди. Бундан жуда ҳам хурсанд бўлдим.
- Касаллигим туфайли тез-тез даволанишимга тўғри келади, — дейди Андижонлик маҳалласида истиқомат қилувчи М.Мирзаева. – Бугунги қабулда туман раҳбарларидан ёрдам сўрадим. Вилоятдаги шифохоналардан бирига ордер беришди. Юртбошимизнинг халқимизга кўрсатаётган юксак эътибори, меҳрибончиликларидан мамнунмиз. Илоҳо, бахтимизга доимо соғ-омон бўлсин.
- Бугунги қабулда 78 нафар фуқаро ўз дарду ташвишлари, муаммолари билан туман ҳокими ва сектор раҳбарларига мурожаат қилди, — дейди туман ҳокимлиги иш юритиш бўлинмаси мудири Иқболжон Шахоббидинов. — Қабул давомида уларнинг 18 таси жойида ижобий ечим топди. 6 та мурожаатга ҳуқуқий тушунтириш берилди ва 54 та мурожаат юзасидан ўрганиш талаб этилганлиги сабабли кўриб чиқиш жараёнига қабул қилиниб,
ижроси назоратга олинди. - Қабул доирасида “Бўш иш ўринлари”меҳнат ярмаркаси, “Ҳар бир оила- тадбиркор” дастури ижроси юзасидан тижорат банклари томонидан банк имтиёзлари хусусидаги кўргазмалар намойиши ва имтиёзли кредитлар таклифи фуқаролар учун янада қулай имконият яратди. Шунингдек, фуқаролар учун бепул тиббий кўрик ҳам ўтказилди.
Халқ билан юзма-юз бундай мулоқотлар юртимизда бирорта ҳам мурожаат эътиборсиз қолмайдиган тизим фаолияти йўлга қўйилганининг яна бир ёрқин мисолидир.
Маъруфжон ҒОЗИЕВ.