ШАҲРИХОНДА УЛКАН ВА ИЖОБИЙ ЎЗГАРИШЛАР

Ўзбекистон

Шаҳрихон мамлакатимиздаги аҳолиси энг кўп ва зич жойлашган туманлардан бири ҳисобланади. Айни пайтда туманда 351 мингдан зиёд киши истиқомат қилади.

Вилоятимиз ҳокимининг ташаббуси билан Шаҳрихонда улкан ва ижобий ўзгаришлар бошланди. 76 та маҳалла кесимида ободонлаштириш, қурилиш-монтаж, реконструкция, йўларни таъмирлаш, электр, газ таъминоти, таълим, соғлиқни сақлаш, маданий-маиший объектларни таъмирлаш каби хайрли ишлар амалга оширилмоқда. Вилоят ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Шуҳратбек Абдураҳмонов тегишли идоралар раҳбарлари, туман фаоллари иштирокида йиғилиш ўтказди. Унда қилинадиган ишлар кўлами ва аҳамияти ҳақида сўз юритилди.

Бу юртда элга танилган ҳунармандлар, олимлару тадбиркорлар камол топишган. Шундай заминни янада обод, кўркам қилиш, аҳоли турмуш тарзини юксалтириш, бир сўз билан айтганда, янги чирой бахш этиш барчамизни бир бўлиб, фидойилик билан ҳаракатга чоғлантирди. Давлат идоралари халқ манфаати учун ишлаётганини амалда кўрсатиш, фуқароларни янгича фикрлашини шакллантириш асосий мақсад-муддао сифатида белгиланди.

Бажариладиган ишларнинг режаси аниқ. Туманда 147 километр ички йўл асфальтланади. Бундан-да бир неча баробар кўпига шағал ётқизилади. 283 километр масофада сув тармоғи тортилади, 36 та янги қудуқ қурилади, 49 таси реконструкция қилинади. Юздан зиёд трансформатор созланиб, 10 мингта бетон устун ўрнатилади, 41 километр масофага электр тармоғи тортилади. 4 та мактаб, 5 та мактабгача таълим муассасаси замонавий қиёфа касб этади. Талаблар даражасида таъмирланиб, фойдаланишга топширилган туғруқ комплекси сингари яна бири янгиланади. 4 та ҚВП чирой очади. Аҳолига 9 мингта газ баллони етказиб берилади. 21 та қабристоннинг қўрғон девори тикланади. Шунингдек, маданий-маиший объектлар кўпайиши, янги иш ўринлари яратилиши кўзда тутилган. Лўндасини айтганда, 250 миллиард сўмликдан зиёд ишлар рўёбга чиқади. Ҳаммаси инсонлар учун, давлатдан рози бўлиши учун қилинаётганини ҳар бир фуқаронинг тушуниши ишни жадаллатади.

Вилоят ҳокимининг фикрлари, мутахассисларнинг ахборотлари шаҳрихонликларни руҳлантирди. Эзгу эътиборга амалий жавоб бериш ниятида кўпчилик енг шимарди. Тумандаги Бирлашган ва Тумор маҳалла фуқаролар йиғинларидаги ибратли ишлар бундан далолат.

Ички йўллар ёзда чанг, қишда лой бўлар, қирқ йил аввал ўтказилган сув тармоғи эскирганди, — дейди ушбу Бирлашган МФЙ раиси Нодиржон Сулаймонов. — 6 километр ички йўлга шағал тўкилди, 2 километрига асфальт босилди. 3,6 километр ичимлик сув тармоғи тортиляпти. 33-мактаб капитал реконструкция қилинмоқда. Бетон устунлар қўйиляпти. Кенг кўламдаги ишлардан маҳалладошларим хурсанд, кайфияти кўтаринки.

Тумор маҳалла фуқаролар йиғинидаги 420 ўринли мактаб қишлоқ кўркига ўзгача чирой бағишлади. Бу ёшларнинг янги ўқув йилида ёруғ синф хоналарида пухта билим олишларига қулайлик бўлди. Замонавий билим масканини “Тошсарфар”масъулияти чекланган жамияти қурувчилари битказишди.

Карнайчи қишлоғи аҳолисининг кўп йиллик орзуси ушаляпти. Замонавий, кўркам мактаб биноси қад ростлади. Ободлик, бунёдкорлик кундан-кунга авж олмоқда. Замонавий лойиҳа пухта меъморий ечим асосида бажарилаётир. Шаҳрихоннинг ҳар бир маҳалласи чирой очяпти.

Мамлакатимиз Президенти, вилоят ҳокимининг ташаббуси билан туманимизда катта ҳажмда бунёдкорлик ишлари бошланди, — дейди меҳнат фахрийси Мухторжон Отабоев. — Ҳар бир шаҳрихонлик савобли ишга ҳисса қўшиш ҳаракатида. Шаҳрихон янгидан ороланиб, кўпчиликнинг тилига тушадиган обод маскан бўлади. Бу кўнгилларда фахр-ифтихор уйғотади.

 

Аҳмадилло СОЛИЕВ,

Маруфжон ҒОЗИЕВ.

Добавить комментарий