ХАЛҚ ТАЪЛИМИ ХОДИМЛАРИНИНГ АНЪАНАВИЙ КЕНГАШИ БЎЛИБ ЎТДИ

Ўзбекистон

Ҳар йили  янги ўқув йили олдидан халқ таълими ходимларининг анъанавий Кенгаши бўлиб ўтади. Унда ўтган ўқув йилида қўлга киритилган  ютуқлар, йўл қўйилган хато ва камчиликлар ҳамда муаммолар сарҳисоб қилиниб, келгусидаги вазифалар белгилаб олинади. Туманимиз муаллимларининг бу галги Кенгаши 45-умумтаълим мактабида “Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!” шиори остида бўлиб ўтди.

Маълумки, бугунги кунда давлатимиз раҳбари томонидан ёш авлодни ҳар томонлама соғлом ва баркамол этиб тарбиялашга катта эътибор қаратилмоқда. Барча соҳалар сингари таълим тизимида ҳам кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётир.  Ўқитувчилар меҳнати том маънода қадр топмоқда. Уларнинг иш ҳақи босқичма-босқич ошириб бориляпти. Замон  билан ҳамнафас педагоглар доимий рағбатлантирилмоқда. Бу ўз навбатида таълим сифатининг ошишига ижобий таъсир кўрсатаётир.

Ҳозирда туманимизда 68 та умумтаълим мактаби, 3 та давлат ихтисослаштирилган, 1 та махсус мактаб-интернати фаолият кўрсатмоқда. Уларда  55120 нафар ўқувчи таълим-тарбия олмоқда.  Уларга 3254 зиёд  устоз мураббий сабоқ бераётир. Ўтган ўқув йили давомида ўқувчиларга давлат таълим стандартлари асосида билим бериш, чет тилларини мукаммал ўргатиш ва бошқа соҳаларда муайян натижаларга эришилди.

Кенгашда вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Ф.Бузруковнинг 2018-2019 ўқув йилида амалга оширилган ишлар ва келгусидаги вазифалар юзасидан маърузаси тингланди. Кун тартибига қўйилган масалалар юзасидан сўз олган 44-ИДУМ директори, Ўзбекистон Қаҳрамони К.Ғопиров таълим сифати ва самарадорлигини ошириш, янги ўқув йилида соҳа ходимлари олдида турган долзарб масалалар юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. Анжуманда Кенгаш қатнашчиларининг тумандаги барча устоз мураббийлар, ота-оналар, жамоат ташкилотлари раҳбарларига мурожаати қабул қилинди.

Йиғилишда ёш авлодга пухта билим беришда юқори натижаларга эришган бир гуруҳ устозлар туман ҳокимлиги, вилоят халқ таълими бошқармаси, туман ХТБнинг фахрий ёрлиқлари ҳамда қимматбаҳо совғалари билан тақдирландилар.

Кенгашда кўрилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

М.Ғозиев.

Добавить комментарий