Куни-кеча Шаҳрихон туманимида ташқи меҳнат миграцияси агентлиги вилоят филиали томонидан учрашув мулоқот ташкил этилди. Унда туман ҳокимлиги, жамоат ташкилотлари, ўзини ўзи бошқариш органлари вакиллари, хорижда ишлаш истагини билдирган фуқаролар иштирок этдилар. Тадбирни туман аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази директори Ш.Мадмаров очди.
Шундан сўнг Агентликнинг Андижон филиали бошлиғи У.Юлдашев чет элларда ишлашнинг амалдаги тартиб-қоидалари, ноқонуний равишда хорижга чиқиш, бунинг оқибатида одам савдоси қурбони ёки жабрдийдасига айланаётганлар қисмати ҳақида атрофлича сўз юритди. Учрашувда Ўзбекистон Республикаси ҳамда Жанубий Корея давлати ўртасида тузилган меморандум асосида юртдошларимизни у ерга ишга юбориш тартиблари, Россия Федерацияси ҳамда мамлактимиз ўртасида ташқи меҳнат миграцияси масалаларига оид олиб борилаётган ишлар, бу давлатда ишлаш истагида бўлган фуқароларни тартибли равишда Агентлик орқали меҳнат шартномаси асосида ишлаш учун юбориш ҳақида тушунчалар берилди. Шунингдек, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи билан ҳамкорликда чет элда ишлаш истагида бўлган ёшларни чет тилларига ва касб-ҳунарга ўргатиш курсларига жалб қилиш юзасидан амалга оширилаётган ишлар хусусида ҳам сўз юритилди.
Мулоқот асносида иштирокларни қизиқтирган саволларга мутахассислар томонидан жавоблар берилди ва мавзуга оид буклет ҳамда эслатмалар тарқатилди.
Йиғилишда туман ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Н.Йўлдошева иштирок этди.
М.Ғозиев