Қўқонда байрамона кайфият ҳукмрон

Ўзбекистон

Халқаро миқёсдаги илк хунармандлар фестивалининг айнан  Қўқон шаҳрида ўтказилаётгани бежиз эмас. Шаҳарда қадим-қадимдан ҳунармандчилик ва халқ амалий санъатининг турли йўналишлари юксак даражада тараққий этган. Устоз-шогирд анъаналари, ҳунармандларнинг оилавий сулолалари унинг сир-асрорларини аждодлардан авлодларга етказиб келмоқда. Бугунги кунда ҳам Қўқон шаҳрида ҳунармандчилик анъаналари изчил риволанмоқда. Хусусан, ёғоч ўймакорлиги, қоғозгарлик, чилангарлик, заргарлик каби ҳунармандчиликнинг кўплаб турлари равнақ топмоқда.

Эътиборли жиҳати, Жаҳон ҳунармандчилик Кенгашининг 2019 йил 23 июлдаги қарорига кўра, Қўқон шаҳрига  ёғоч ўймакорлиги бўйича Ҳунармандчилик шаҳри мақоми берилган. Шу кунгача жаҳоннинг турли мамлакатларидаги 35  шаҳар мазкур мақомга сазовор бўлган. Қўқон шаҳри МДҲ давлатлари ичида биринчи бўлиб ушбу рўйхатга киритилди.

Мазкур тадбир халқимизнинг қадимий тарихи ва маданий ҳаётини ҳар томонлама кенг ёритиш, кўп қиррали ўзбек миллий ҳунармандчилигини кенг намойиш қилиш, унинг ноёб намуналарини тарғиб этиш, ушбу йўналишда турли халқлар ўртасида тажриба алмашиш, дўстлик ва ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш, маданий алоқаларни халқаро миқёсда кенгайтириш, ҳунармандчилик анъаналари ва мактабларини сақлаш ва қайта тиклаш мақсадида ўтказилмоқда.

Фестиваль тадбирларини маҳаллий оммавий ахборот воситаларининг 400 дан ортиқ вакиллари ва хорижий оммавий ахборот воситаларининг 22 нафар журналистлари ёритиб борадилар.

Бугунги кунда Қўқон шаҳрида Халқаро ҳунармандчилик фестивалини юқори савияда ўтказиш учун пухта тайёргарлик ишлари якунига етказилмоқда.

Марказий майдоннинг ён атрофида ҳунармандчилик санъатига доир турли кўргазмалар, ҳунармандчилик буюмлари, тасвирий ва амалий санъат асарлари, қадимий ҳунармандчилик дастгоҳлари ва маҳсулотларини яратиш жараёнлари, ҳунармандчиликка оид бадиий ва ҳужжатли фильмлар, китоблар, альбомлар, фотосуратлар намойиши ва уларнинг сотуви ташкил этилган.

Элёржон ЭҲСОНОВ (Халқ сўзи)

Хурсандбек  АРАББОЕВ  олган суратлар.

Добавить комментарий