ИЖТИМОИЙ ТАРМОҚЛАРНИНГ ХАТАРИДАН ОГОҲ БЎЛАЙЛИК!

Ўзбекистон

Бугун биз ахборот асрида яшаяпмиз, десак  муболаға бўлмайди. Ахборот технологияларининг жадал ривожланаётгани туфайли дунёнинг энг чекка ҳудудларида рўй бераётган воқеа-ҳодисалардан ҳам  бир зумда огоҳ бўлиш мумкин. Бу борада интернет тармоғининг аҳамияти жуда ҳам катталиги ҳеч кимга сир эмас.

Фуқаролар ижтимоий тармоқлардан холис, керакли ахборотларни олсалар, ундан илм-фан, касб-ҳунар сирларини ўрганишда, эзгу мақсадларда фойдалансалар, нур устига, аъло нур бўлар эди.  Бироқ, ҳар нарсанинг яхши ва ёмон тарафи бўлганидек, сўнгги йилларда  интернетнинг ҳам жиддий хатарлари юзага чиқмоқда. Энг ачинарлиси, бузғунчи, ёт оқимлар ижтимоий тармоқлардан ўзларининг  ғаразли мақсадлари йўлида фойдаланмоқдалар. Бу эса ёшларни ўз домига тортаётгани, айрим сайтларда беҳаёлик, ўз жонига қасд қилиш каби аянчли иллатлар тарғиб этилаётгани, шунингдек, турли фитналар, жамиятни беқарорлаштирувчи ёлғон маълумотлар берилаётгани афсусланарлидир. Шунинг учун ҳам юртдошларимизни, айниқса, келажагимиз эгаларини ана шундай хатарлардан огоҳ этиш ҳар бир зиёли, маърифатпарвар инсоннинг энг долзарб вазифаси бўлиши зарур.

Ижтимоий тармоқлар юзага чиқараётган энг асосий муаммолардан яна бири  – ёлғон ахборотдир.  Уларда турли асоссиз маълумотларни, бўҳтон ва уйдирмаларни тарқатиш ҳолатлари кўплаб учраётир. Айрим соддадил инсонлар буларга  ишониб, ёлғон ва бўҳтонга шерик бўлиб қолмоқдалар. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай дейди: “Эй, мўминлар! Агар сизларга бирор фосиқ кимса хабар келтирса, сизлар (ҳақиқий аҳволни) билмаган ҳолингизда бирор қавмга азият етказиб қўйиб, (кейин) қилган ишларингизга пушаймон бўлмаслигингиз учун (у хабарни) аниқлаб (текшириб) кўрингиз!” (Ҳужурот сураси 6-оят).

Кўпинча тарқатилган ёлғон маълумотлар оқибатида баъзи инсонларнинг обрў ва шаъни топталмоқда. Шариатимизга кўра, ҳар бир мусулмоннинг шаъни ва обрўсини тўкиш — худди қонини тўкиш ёки молини ўзлаштириш каби, бошқа мусулмон учун ҳаромдир. Қолаверса, Пайғамбаримиз алайҳиссалом муборак ҳадиси шарифларидан бирида шундай деганлар: “Жаброил (алайҳиссалом) мени осмонга олиб чиққанда бир қавмнинг олдидан ўтдим. Уларнинг мисдан тирноқлари бўлиб, у билан юзлари ва кўксиларини тимдашар эди. Мен: “Эй Жаброил, булар кимлар?” – деб сўрадим. Шунда: “Улар одамларнинг гўштини еб (яъни уларни ғийбат қилиб), обрўларини тўккан кимсалардир”,  деб жавоб берди” (Имом Абу довуд ривояти).

Ушбу ҳадисдан динимизда инсоннинг шаъни, обрўси қанчалик қадрли эканлиги, уни поймол қилишнинг оқибати аянчли тугаши маълум бўлмоқда.

Шу билан бирга, интернет сиёсий курашлар майдони, турли хил манфаатларнинг кучли қуролига ҳам айланиб бораётганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, террористик ташкилотлар, адашган фирқалар ва бошқа бузғунчи кучлар ижтимоий тармоқлар имкониятларидан кенг фойдаланган ҳолда одамларни, айниқса, ёшларни тўғри йўлдан адаштириш, улардан ўзларининг манфур мақсадлари йўлида фойдаланиш, жамиятда нифоқ чиқариш ҳамда уруш оловини ёқишга уринишмоқда ва бунга маълум маънода эришишмоқдалар ҳам. Яқин тарихимизда “Араб баҳори” деб ном олган айрим давлатлардаги инқилоб ва зиддиятларни бунга яққол мисол қилишимиз мумкин.

Аслида турли фитналар уюштириш, инсонлар ўртасида адоват уруғини сочиш — динимизда энг катта жиноятлардан бири экани таъкидланган. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай деган: “Фитна эса қотилликдан ҳам каттароқ (гуноҳ)дир…” (Бақара сураси 217-оят).

Террорчилар ўзларига тегишли веб-саҳифа ва ижтимоий тармоқларда “шаҳидлик”, “жиҳод”, “ҳижрат”, “такфир”, “халифалик” каби тушунчаларни бузиб талқин қилишлари натижасида айрим ёшлар уларнинг тузоқларига илинмоқдалар.

Ёвуз ниятли кимсалар ғаразли мақсадлари йўлида ва халқнинг ўзлигини емириш учун турли усуллардан фойдаланади. Улардан бири — жамиятда ахлоқий бу­зуқликни ёйишдир. Бу йўлда ғаламислар ижтимоий тармоқ орқали ахлоқсизликни, фаҳшни кенг тарқатишга бор имкониятларини сарфламоқдалар. Беҳаёликка йўғрилган тасвирлар, видеороликлар тарқатиш орқали ер юзида фасод тарқашига “хизмат” қиляптилар. Бу каби иллатлар ўз навбатида жамиятимизга салбий таъсирини кўрсатмай қолмайди.

Ижтимоий тармоқ орқали фикр билдириш ва бунинг ортидан мақтов (“лайк”)ларни қўлга киритишга уриниш бугунги ёшларни тобора ўз домига тортаётир. Бунинг салбий томони шундаки, фойдаланувчи бундай олқишларни яна ва яна олишни истайди ва роҳатланади. Мутахассисларнинг таъкидлашича, ижтимоий тармоқ фойдаланувчиси ва гиёҳванд моддаларни истеъмол қилувчини мана шу боғланганлик ва роҳатланиш ҳислари бирлаштириб туради.

Бунинг оқибатида улар виртуал дунёга буткул шўнғиб кетадилар ва ташқи дунёдан узиладилар. Ижтимоий тармоқларга боғланиб қолган ёшлар бошқалар билан жонли мулоқотда қийналади, одамови бўлиб қолади, дўстлашишда адашади, бировга ҳамдардлик билдириш ҳақида умуман бош қотириб ўтирмайди. Фақат ижтимоий тармоқда топган “дўст”ларининг фикри билан иш кўрадиган бўлиб қолади.

Хулоса қилиб айтганда, бугунги кунимизни интернетсиз тасаввур қилиш жуда қийин. Ҳаммамиз ҳам янгиликлардан хабардор бўлиш, дунёқарашимизни янада ўстириш мақсадида ижтимоий тармоқларга мурожаат қиламиз. Энг асосий гап,  улардан оқилона фойдаланишда. Ёшларимизни ақлан ва руҳан тўғри тарбия қилсак, уларни турли ёт ғоялар, мафкуравий таҳдидлардан сақласак кўзлаган улуғвор мақсадларимизга эришамиз.

Олимжон КАРИМОВ,

“Муҳаммад Розиқбой” жомъе масжиди имом-хатиби.

Добавить комментарий