КЎРКАМ ВА МУҲТАШАМ МАСКАН

Ўзбекистон

Мурғак қалб эгалари бўлмиш болажонларнинг дунёқарашларини кенгайтириш, ўз она тили ва бошқа хорижий тилларни ўзлаштиришлари, уларда ота-она, оила, маҳалла ҳамда Ватанга меҳр уйғотиш, табиат ҳақидаги тасаввурларини шакллантиришда мактабгача таълим ташкилотларининг ўрни беқиёс ҳисобланади. Шу боис ҳам мамлакатимизда муҳтарам Юртбошимиз томонидан мазкур соҳа ривожига давлат сиёсати даражасида аҳамият қаратилмоқда.                    

Терактаги маҳалласида жойлашган 6-давлат мактабгача таълим ташкилоти туманимиздаги ибратли боғчалардан бири ҳисобланади. У инвестиция дастури асосида 2018 йилда барпо этилган. Бугунги кунда бу ерда ҳамюртларимизнинг 220 нафар фарзанди таълим-тарбия олаётир. Улар 8 та доимий гуруҳга жамланган. Келажагимиз эгаларини 30 нафардан ортиқ педагог ва тарбиячилар ҳар томонлама соғлом ва баркамол инсонлар бўлиб вояга етишлари учун бор билим ва маҳоратларини ишга солмоқдалар.

— Президентимиз раҳнамолигида бошланган тараққиётнинг янги босқичида мактабгача таълим тизимига бўлган эътибор янада кучайди, — дейди МТТ мудираси Наргизахон Исақова. – Боғчамизнинг замонавий ва кўркам ҳолда барпо этилиши учун давлат бюджетидан 2,5 миллиард сўм маблағ ажратилди. “Янги замон” МЧЖ қурувчиларининг жонбозлигини алоҳида эътироф этиш жоиз. Мактабгача таълим ташкилотларини замон талаблари асосида жиҳозлаш, соҳада фаолият кўрсатаётган педагоглар малакасини ошириш, меҳнатларини муносиб рағбатлантириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар бугунги кунда ўзининг ижобий самарасини кўрсатмоқда.

Аббос СУЛТОНОВ

Добавить комментарий