ШАҲРИХОН ТУМАНИ ҲОКИМИ ҲИКМАТИЛЛО ДАДАХОНОВНИНГ ДЕҲҚОН ХЎЖАЛИКЛАРИ ВА ТОМОРҚА ЕР ЭГАЛАРИГА М У Р О Ж А А Т И

Ўзбекистон

Ҳурматли юртдошлар!

Қадрли омилкор деҳқонлар ва томорқа ер эгалари!

Бугунги кунда коронавирус пандемияси бутун жаҳон аҳлини чуқур хавотир ва ташвишга солмоқда. Бу офат бизнинг юртимизни ҳам четлаб ўтмади. Мамлакатимизда муҳтарам Юртбошимиз раҳнамолигида коронавирус инфекциясига қарши курашиш, бу касалликдан юртдошларимизни асраб-авайлаш, бундай шароитда рўй бериши мумкин бўлган инқирознинг олдини олиш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Энг муҳими, бу борада юртимизда кўрилаётган чора-тадбирлар бутун дунё ҳамжамияти томонидан эътироф этилаётир.

Давлатимиз раҳбари томонидан мазкур ҳолатда озиқ-овқат хавфсизлигини, бозор ва савдо дўконларида нарх-наво барқарорлигини таъминлаш, аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга катта эътибор берилмоқда.

Юртбошимиз раислигида шу йил 14 апрель куни қишлоқ хўжалиги тармоқларини янада ривожлантириш, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Унда бу йил қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат соҳаси вакиллари учун катта синов ва кенг имкониятлар йили бўлиши, пандемия ва карантин қанча вақт давом этишидан қатъи назар, аҳолининг озиқ-овқатга бўлган эҳтиёжи камаймаслиги, шу боис мева-сабзавотчилик ва чорвачилик тармоқларида маҳсулот етиштириш ҳажмини икки баробарга ошириш вазифаси қўйилди.

Дарҳақиқат, ҳозирги глобал инқироз ва пандемия шароитида аҳоли бандлиги ва даромадини таъминлаш, иқтисодий барқарорликни сақлашда қишлоқ хўжалиги энг кўп имкониятга эга соҳа ҳисобланади. Бир сўз билан айтганда, халқимизнинг бирламчи турмуш эҳтиёжларини таъминлаш, озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб беришда бу тизимнинг  ғоят муҳимлиги кундек равшан.

Давлатимиз раҳбари томонидан бу борада илгари сурилаётган вазифалардан кўзланган асосий мақсад-юртимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқаришни янада кўпайтириш, бозорларимизда серобчилик ва арзончиликка эришиш, юртимиз экспорт салоҳиятини кучайтириш, аҳоли даромадларини ошириш ҳамда халқимиз фаровонлигини янада юксалтиришдан иборатдир.

Серқуёш, жаннатмакон юртимиз замини жуда ҳам унумдор. Пирибадавлат кексаларимиз таъбири билан айтганда, эрта баҳорда саховатли еримизга қандай чўп суқсангиз ҳам бехато кўкаради. Ерга меҳр, меҳнатга иштиёқ, экинлар парваришига ҳафсала ва ҳаракат бўлса кифоя.

Азиз юртдошлар, юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, коронавирус пандемияси мисли кўрилмаган ташвишларни келтириб чиқараётган бир пайтда, томорқаларимизда етиштирилаётган мева-сабзавот ва полиз маҳсулотлари билан халқимиз фаровонлигини, дастурхонларимиз тўкинлигини, бозорларимиздаги арзончиликни таъминлаш ҳар биримизнинг инсоний бурчимиздир.

Давлатимиз раҳбари экинларни экишга оз муддат қолгани, бу ишларни ўн кун ичида якунламасак, кейин кеч бўлишини алоҳида таъкидладилар. Шундай экан, айни кунларда ҳар бир лаҳзани ғанимат билишимиз лозим. Сиз, муҳтарам миришкорлар етиштирадиган маҳсулотлар халқимиз дастурхонига етказилиб, бозорларимизда нарх-навонинг ўринсиз ошиб кетишининг олдини олишда муҳим ўрин тутишини унутмаслигимиз зарур.

Шаҳрихонликлар азалдан деҳқончиликнинг ҳадисини олишган. Туманимизда етиштирилган маҳсулотлар мамлакатимиз бозорларига, ҳаттоки хорижга ҳам етказиб берилаётгани жуда ҳам қувонарлидир. Бугун 76 та МФЙлардаги 45930 та хонадонда 2857 гектар томорқа майдони бор. Шундан 396 гектарига ўтган йил куз фаслида пиёз ва саримсоқпиёз, 1000 гектар майдонга  тўқсонбости экинлар экилган. Айни кунларда қолган майдонларга экин экиш ишлари деярли якунланди. Туманимизда ўз томорқасидан оқилона фойдаланадиган,  ҳалол меҳнатдан барака топаётган тажрибали деҳқонлар талайгина. Уларнинг фидокорона меҳнатлари эвазига етиштирилган эртаки маҳсулотлар бугун бозорларга етказиб берилмоқда.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, томорқадан 2-3 маротаба ҳосил олишда иссиқхоналарнинг ўрни ғоят катта ҳисобланади. Кейинги йилларда бу соҳага бўлган катта эътибор туфайли иссиқхоналар икки баробарга кўпайди. Жорий йилнинг шу кунига қадар туманимизда 350 тадан ортиқ ихчам иссиқхоналар қурилди. Бу борадаги ишларни тизимли равишда давом эттириш жоиз.

Томорқа мўл-кўлчилик, катта даромад манбаи. Даромад олишга томорқамиз бор экан, ундан самарали фойдаланиш, бирон қарич ҳам ерни бўш қолдирмаслик учун ҳаракат қилайлик. Бундан ибрат олиб улғайган фарзандларимиз ҳам яхши яшашга интилиб, ўз келажаги учун астойдил меҳнат қилишларини унутмайлик.

Ҳурматли томорқа ер эгалари, миришкор деҳқонлар!

Айни кунларда экиш ишларини якунлаш, мевали дарахтларга, экинларга зиён етказадиган турли зараркунандаларга қарши ишлов бериш каби юмушларни ўз вақтида бажарайлик.

Ҳозирги мураккаб шароитда томорқадан олинадиган ҳосилни икки марта кўпайтириш учун астойдил ишлаш, тўқсонбости ва эртаки экинлардан бўшайдиган ерларга такрорий сабзавот, полиз, картошка ва бошқа озуқа экинларини экиш, ўз эҳтиёжимиздан ортган маҳсулотни халқимиз дастурхонига ва экспортга етказиб бериш энг долзарб вазифамиздир.

Азиз юртдошлар!

Томорқамиздан самарали фойдаланиш билан бирга, хонадонимизда имкон қадар чорва ҳайвонлари, парранда, асалари, балиқ боқишни ҳам йўлга қўйиш бугунги кун талаби.  Давлатимиз томонидан кўчат, уруғ, минерал ўғит каби ресурсларни етказиб бериш, имтиёзли кредитлар ажратиш кўзда тутилган. Бу борада 4 та сектор раҳбари ва соҳага масъул бўлган мутасаддилар сизларга ҳар қандай амалий ёрдамни беришга тайёрмиз.

Ҳар биримиз Ватанимиз равнақи, халқимиз фаровонлиги йўлида ўз меҳнатимиз билан ҳис­са қўшиш энг олий мақсадимиз эканлигини унутмайлик. Шундай экан, томорқа­миздан самарали фойдаланишимизда масъулиятли бўлайлик!

Добавить комментарий