ҲИММАТИНГИЗГА БАЛЛИ, МУҲТАРАМ ВАТАНДОШ! шаҳрихонлик тадбиркор эҳтиёжманд оилалар учун 250 миллион сўмликдан зиёд хайрия қилди

Ўзбекистон

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев шу йил 20 апрель куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида  аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлаш масаласига алоҳида тўхталиб, вақтинча ишламаётган ва ёрдамга муҳтож оилаларни аниқлаб, уларни манзилли асосда озиқ-овқат ва дори-дармон билан таъминлаш кўламини янада кенгайтириш кераклигини таъкидлаган эди.

Давлатимиз раҳбари халқимизнинг тарихий ва маънавий қадриятларини, меҳр-саховат, оқибат ва ҳиммат каби юксак фазилатларини инобатга олган ҳолда, “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатини йўлга қўйиш ташаббусини илгари сурди.

– Яқин кунларда барчамиз учун муқаддас бўлган Рамазон ойи кириб келади. Бу ойда эҳтиёжманд ва муҳтож оилаларга ёрдам кўрсатиш ҳам қарз, ҳам фарздир. Шунинг учун ушбу муқаддас ойда ҳар бир тадбиркор ўзи фаолият юритаётган ҳудудда ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини, аввало маҳалладошлари, қўни-қўшниларини фаол қўллаб-қувватлаши мақсадга мувофиқ, – дея таъкидлаган эди Президентимиз.

Юртбошимизнинг бу хайрли ташаббуси шаҳрихонликлар томонидан қизғин қўллаб-қувватланмоқда. Жумладан, Шаҳрихон туманида фаолият кўрсатаётган саховатпеша тадбиркорлардан бири давлатимиз раҳбарининг бу даъватига жавобан 250 миллион сўмликдан зиёд озиқ-овқат маҳсулотларини хайрия қилди.

Мазкур тадбиркор томонидан  туманда ташкил этилган захира омборига  20 тонна ун, 4 тонна гуруч, 3,5 тонна ўсимлик ёғи, 1,6 тонна гўшт, 4 тонна шакар, 4 тонна картошка, шунча миқдорда пиёз ва сабзи каби озиқ-овқат маҳсулотлари келтириб берилди. Айни пайтда бу маҳсулотлар туман ҳокимлиги  бошчилигида тумандаги эҳтиёжманд оилаларга етказиб берилмоқда.

Шундай саховатли юртдошларимиз сафи кенгаяверсин!

Рустамбек АРАББОЕВ.

Добавить комментарий