БОҒЛАР БАРҚ УРСА БУ — БОҒБОННИНГ БАХТИ

Қишлоқ хўжалиги

Қадрдонларим билан ўтган кунлардаги хушҳол суҳбатимиз боғдорчиликка уланди. Улар Шаҳрихоннинг Сўзоқ қишлоғилик тажрибали боғбон Эркин Мўйдинов мевали, манзарали дарахт кўчатлари етиштиришнинг, ноёб гуллар ўстиришнинг устаси эканини айтишди. Тошкентдаги Шредер номидаги боғдорчилик, узумчилик, виночилик, илмий-текшириш институтининг директори, академик Маҳмуджон Мирзаев, машҳур селекционер Содиқжон Шариповнинг шогирди эканини фахрланиб гапиришди. Хонобод шаҳрининг обод бўлиши жонкуяри Солижон Меҳмоновдан ҳаётлигида ундан манзарали дарахт кўчатларини парваришлаш сир-асрорларини қизиқиб ўрганганини ҳам таърифлашди.

Бу боғбоннинг суҳбатини олсангиз ютасиз, деб таклифлар билдиришди. Эркин ака Мўйдиновни туман газетасида ишлаганини, марказий газеталарда қишлоқ хўжалиги соҳасига оид таҳлилий мақолалар муаллифи сифатида билардим. Боғбонликка меҳр қўйганини юртдошларимдан эшитиб, мулоқотга шошилдим. Эркин ака Мўйдинов билан боғ оралаб суҳбатда бўлдим.

— Бобом Рўзибой ота машҳур боғбон бўлган, — деди суҳбатдошим. — Боғбонликни онам Ўктамой бувидан ўрганганман. Маҳалладошларим Акбарали оқсоқол, Қўзибой, Абдуназар оталар — устозларим, Дарахт кўчатларини экиш, парваришлаш, гулларга қачон сув қуйишдан сабоқ беришган. Боғга меҳр уйғотишган.

Кўп йиллар Шаҳрихон тумани ободонлаштириш бўлимида сидқидилдан ишлаган Эркин ака Мўйдинов кўкаламзорлаштириш фидойиси бўлганини кўпчиликдан эшитдик.

Унаби (чилон жийда), ўрмон ёнғоғи (фундук), лайкдун, Липа кўчатлари етиштиришда тажрибакор. Липа манзарали дарахтларини кўпайтиришга бел боғлаган.

-Липа дарахтини асаларилар ҳам хуш кўришади, — дейди Эркин ака Мўйдинов. — Унинг гулидан таралган хушбўй ис асалга ҳам ўтади. Бу асални шохона асал, дея баҳолашгани ҳам бежиз эмас. Бундай асал юрак, астма касалликларига шифо бўлади. Инсон иммунитенини мустаҳкамлайди.

Эман дарахтининг пирамидасимон навини пайвандлаш усулида кўпайтириш ҳаракатидамиз. Энг ноёб маҳаллий дарахт кўчатларини сақлаш бўйича изланишлар қиляпман.

Уста боғбон Ҳавохон опа билан уч ўғил ва бир қизни тарбиялади. Ўғиллари, қизи Гулаввар, набиралари ҳам хаваскор боғбон бўлишяпти. Олти ёшли набираси дарахт, гул кўчатларига меҳр қўйган. Эркин ака Мўйдинов кўпчилик айтганидек, боғ яратиш, ноёб дарахт кўчатлари ўстириш, юрт ободлиги иштиёқида.

-Бир туп манзарали ёки мевали дарахт экинг, — дейди у. — Ўсганида соясидан, мевасидан кўпчилик бахраманд бўлади. Гуллар чаманидан бахри дилингиз очилади, юртдошларимиз завқланади.

Боғлар барқ урса бу боғбонларнинг бахти. Покизалик, эзгу амалларимиз билан коронавирусни енггамиз. Бир майизни қирқ бўлиб еган, катта Фарғона каналини қирқ беш кунда қазиб сув чиқарган халқ бундай офатларни биргаликда енгиб ўтади. Ҳаёт давом этяпти. Боғлар барқ уряпти. Бу эртанги кунга ишонч маҳсули.

Ахмадилло СОЛИЕВ.

Суратда: боғбон Эркин Мўйдинов.

Ҳурсандбек АРАББОЕВ олган сурат.

Добавить комментарий