КУЧЛИ ФУҚАРОЛИК ЖАМИЯТИ САРИ

Жамият

Маълумки, мустақиллигимизнинг дастлабки йилларидаёқ Республикамизда  адолатли ҳуқуқий демократик давлат ва кучли фуқаролик жамияти барпо этиш масаласи олдимизга қўйилган муҳим стратегик мақсадлардан бирига айланган.

Бугунги кунда юртимизда бир қанча нодавлат ва нотижорат ташкилотлари давлат органлари билан бир қаторда ижтимоий шериклик тамойиллари асосида  ана шу мақсадларни амалга ошириш йўлида самарали фаолият кўрсатиб келмоқда.

Президентимизнинг жорий йил 24 январдаги Парламентга тақдим этилган Мурожаатномасида   фуқаролар, жамият ва давлатнинг ўзаро яқин  ҳамкорлигини ўрнатиш, шунингдек давлат органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш мақсадида юртимизда Жамоатчилик палатасини ташкил этиш таклифи билдирилган эди.

Яқинда  давлатимиз раҳбари томонидан “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Жамоатчилик палатасини ташкил этиш тўғрисида”ги янги Фармон қабул қилинди.

Ушбу ҳужжат фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларни комплекс таҳлил этиш ҳамда фуқаролик жамияти институтлари фаолиятини сифат жиҳатдан янги даражага  кўтаришда  ҳал қилувчи  аҳамият касб этиши шубҳасиз, албатта. Янги Фармон ўз ичига бир қатор устувор  йўналишларни қамраб олмоқда.

Жумладан,  унга кўра  фуқаролик жамиятининг ҳолати ва ривожланиш тенденциялари тўғрисида  йиллик миллий маърузалар тайёрланади, Конституцияга ўзгартириш ва тузатишлар  киритиш тўғрисида  таклифлар берилади. Жамоатчиликда алоҳида қизиқиш уйғотадиган ўта муҳим ва долзарб масалаларга  доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар  лойиҳалари кўриб чиқилади. Шунингдек,  давлат, фуқаролар  ва фуқаролик  институтларининг  мамлакатни янада ривожлантиришга қаратилган  саъй-ҳаракатларини бирлаштирувчи замонавий шаклдаги мулоқот ўрнатилади ҳамда давлат-хусусий шерикликнинг  илғор механизмларини  жорий этишга кўмаклашилади.

Мазкур тузилма маслаҳат-кенгаши органи бўлиб, аҳоли фикрини тизимли ўрганиб бориш, уларни ташвишлантираётган долзарб муаммоларни  муҳокама қилиш, шунингдек уларнинг ечими бўйича  Президент, Парламент  ва Ҳукуматга тегишли меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш бўйича  амалий таклифлар киритиб борилади.

Юртбошимиз  Фармонида белгиланган вазифаларнинг яна бир муҳим жиҳати шуки,   жамоатчилик назоратининг самарали тизими  шакллантирилиб,  “жамоатчилик эшитуви”, “жамоатчилик экспертизаси”, “жамоатчилик мониторинги” каби таъсирчан замонавий назорат  шаклларини амалда жорий этиш кўзда тутилган.

Бундан ташкари, фуқаролик  жамиятини ривожлантириш  соҳасидаги давлат сиёсати ва унинг амалий натижалари ҳақида жамоатчилик фикрини ўрганиш, бу борада турли ижтимоий тадқиқот ва сўровлар ўтказиш,  халқаро ҳамкорликни ривожлантиришда  фуқаролик жамияти институтларига яқиндан кўмаклашиш  борасида ривожланган хорижий давлатларнинг илғор тажрибасини ўрганиш ҳам Жамоатчилик палатасининг асосий вазифаларидан саналади.

Жамоатчилик палатаси жамоатчилик асосида  ишлайдиган  50 нафар аъзодан иборат бўлиб,  унинг таркибидаги 18 нафар аъзо  Ўзбекистон Президенти томонидан, 18 нафари  республикада фаолият кўрсатаётган маҳаллий ННТлар, ОАВ ва кенг жамоатчилик вакиллари  тақдим этган номзодлар  орасидан танлов асосида  Жамоатчилик палатасининг  қарорига асосан аъзо этиб қабул қилинади. 14 нафар аъзо эса  ҳудудий жамоатчилик палаталарига сайланадиган  раислар ҳисобланади. Жамоатчилик палатасининг мақоми вазирликка тенглаштирилган бўлиб, аъзоларнинг ваколат муддати 3 йил этиб белгиланган.

Ушбу Фармон қабул қилиниши муносабати билан Президент ҳузуридаги Фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича  Маслаҳат Кенгаши ҳамда Фуқаролик жамиятини ривожлантириш Маркази фаолияти тугатилади. Шу билан бирга,  “Менинг фикрим”  веб-портали  Жамоатчилик палатаси тасарруфига ўтказилади.

Мухтасар килиб айтганда, мазкур Фармоннинг қабул қилиниши юртимизда “Кучли давлатдан –кучли фуқаролик жамияти сари” концептуал жараёнларни янада фаоллашувида, фуқаролик жамияти институтларининг барча тизимларини ривожлантириш ва мустаҳкамлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

   А.Мамаюсупов,

 ФЖРМ Андижон ҳудудий бўлинмаси раҳбари.

Добавить комментарий