ЭКИН ЭКИШ САВОБЛИ ИШ

Қишлоқ хўжалиги

Аллоҳнинг раҳмати ва фазлу карами шу қадар кенгки, агар мусулмон киши бирор мевали дарахт кўчатини ўтқизган ёки бирон экин эккан бўлса, ундан хоҳ инсон есин, хоҳ ҳайвонлар, хоҳ қушлар, хоҳ қурт-қумурсқалар есин, у учун садақа қилганлик савоби ёзилади.

Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Жобир розияллоҳу анҳу айтади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Умму Мубашшир ал-Ансориянинг хурмозорига кирганларида ундан: «Бу хурмоларни ким эккан? Мусулмонми, кофирми?», деб сўрадилар. У: «Мусулмон», деб жавоб берди. Шунда айтдилар: «Мусулмон киши бирон кўчат ўтқизса ёки экин экса, ундан хоҳ инсон есин, хоҳ ҳайвон ё бошқа жонзот есин, бу у учун садақадир».

Экин, кўчат экиш учун динимизда ваъда қилинган улуғ ажр савобга эга бўлиш учун фақат дунёвий манфаат кўришни ният қилмасдан, балки Аллоҳ таолодан ажр савоб умидида ўзи ва бошқаларнинг ҳам манфаат кўришларини ният қилишлик керак.

Имом Қуртубий (р.а) “Ал-Жомеъ ли аҳкамил-Қуръан” номли тафсирларида айтадилар: “Ҳар ким ерга уруғ сепаётганида истиъозани (“Аъузу биллаҳ…”) ўқиганидан кейин,  Воқеа сурасидаги:

(Воқеа, 63-64)

أَفَرَأَيْتُم مَّا تَحْرُثُونَ. أَأَنتُمْ تَزْرَعُونَهُ أَمْ نَحْنُ الزَّارِعُونَ.

яъни: «Сизлар экаётган зироатларингиз ҳақида ўйлаб кўрдингизми?! Уни Сизлар ундирурмисиз ёки Биз ундирувчимизми?! оятини ўқисин. Сўнгра “Ундириб-ўстирувчи, вояга етказувчи Аллоҳ таолодир. Эй Аллоҳим, Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га  салавоту саломлар йўлла, бу экиннинг ҳосилидан бизларни баҳраманд эт, зараридан узоқ қил. Бизни неъматларингга шукр қилувчи, лутфу эҳсонларингни зикр этувчи бандаларингдан айла! Эй оламлар Парвардигори, буни бизга баракали қилгин!” деб дуо қилсин. Бу деҳқон учун яхши бўлади. Бундай дуо қилиш экин-тикиннинг қурт-қумурсқа, чигиртка, қурғоқчилик каби бало-офатлардан сақланиши гарови дейилган.

Анас ибн Молик р.а.дан ривоят қилинади: “ Росулуллоҳ с.а.в. ансорларнинг ерларидан ўтаётиб улардан: “Экин экишларингиздан Сизларни нима тўсяпти?,- деб сўрадилар.

Улар: “Қурғоқчилик” деб жавоб беришди. Шунда У зот с.а.в: “Йўқ ундай деманглар! Чунки Аллоҳ таоло: “ Ундириб ўстирувчи Зот Менман, истасам сув билан, истасам уруғ билан ўстираман” деб марҳамат қилган” деб юқоридаги “Воқеа” сурасидаги оятни ўқидилар.

Азиз юртдошлар, бугунги уйда қолган кунларимизда  томорқаларимиздан самарали фойдаланайлик.  Истеъмолимиз учун керак бўладиган барча экинларни экиб, оиламиз иқтисодини кўтаришга ҳаракат қилайлик! Бу билан бозорларимизнинг  арзон бўлиши, мўл-кўлчиликка, аҳоли фаровонлигига ҳисса қўшган бўламиз. Юқоридаги хадиси шарифда зикр қилинганидек, бизлар эккан экинимиздан ким фойдаланса ҳам бизлар учун садақот қилганлик савоби ёзилар экан.

Иззатилло ТУРҒУНОВ,

Шаҳрихон тумани бош имом-хатиби.

Добавить комментарий