МАРКАЗЛИК МИРИШКОРЛАР

Ўзбекистон

Шаҳрихон туманининг Янгийўл қишлоғида жойлашган Марказ маҳалласи аҳолиси азалдан томорқадан фойдаланишда миришкорликлари билан ном қозонишган.

Бу маҳалланинг омилкор томорқачилари бир қарич ҳам ерни бўш қолдирмасликка интилишади.

Бугун бу ҳудуддаги қайси хонадонга кирманг, қизғин меҳнат устидан чиқасиз, ҳавасланарли манзараларга гувоҳ бўласиз.

— Маҳалламиздаги 547 та хонадонда 3255 нафар аҳоли истиқомат қилади,- дейди МФЙ раиси Мамасодиқ Ғофуров. – Уларнинг тасарруфида 46 гектар томорқа мавжуд.

Ҳудудимиз асосан помидор етиштиришга ихтисослашган. Шунингдек, бодринг, булғор қалампири, карам ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари ҳам экилади.

Маҳалладошларимиз бир йилда 3 мартагача ҳосил олишга ҳаракат қилишади. Иссиқхонанинг кони фойда эканлигини юртдошларимиз аллақачон англаб етишган. Бугун маҳаллада уларнинг сони 110 тадан ортди.

Дарҳақиқат, иссиқхона ташкил этиб, ундан катта даромад топаётганлар маҳаллада кўпчиликни ташкил этади. Зайнобиддин Тўйчиев улардан бири. Унинг 10 сотих майдонда 5 та иссиқхонаси бор. Бу йил 2,5 минг туп помидор, 7,5 минг туп булғор қалампири эккан. Қарийб 10 йилдан буён деҳқончилик билан шуғулланиб, кам бўлгани йўқ. Ҳар йили 15-20 миллион сўм соф фойда олади.
Бобуржон Мирзаҳомидов 12 сотих ерга 4 та иссиқхона қурган. Бу ерда минг туп помидор ва 3 минг туп булғор қалампири етиштириляпти. Беш юз туп бодринг эса пишиб етилди.
Одилжон Абдураҳмонов оиласи ҳам деҳқончиликдан барака топаётганлардан. Бу хонадонда 20 сотих майдондаги иссиқхонада помидор етиштирилади. Ўғли Икромиддин эса 10 сотих ерга булғор қалампири эккан. Маҳмуджон Олимов 3 сотихли лимонарийсида шифобахш неъмат парваришлаяпти.
Қишлоқда асаларичилик ҳам ривожлана бошлади. Тўланбой ота Жумабоев анча йилдан буён шу иш билан шуғулланиб келади. Ҳозирда унинг 14 қути асалариси бор. Бир йилда 350 килограммгача асал олади. Даромадни ўзингиз ҳисоблаб олаверинг.
Маҳалладаги деярли барча оилаларнинг томорқачиликда эришаётган ютуқлари ҳақида кўп ва хўп ёзиш мумкин. Хонадонларда парвариш қилинаётган қорамол, қўй, паррандалар энди алоҳида мавзу. Булар ҳам оилалар даромадига қўшимча манбалар.
Хулоса қилиб айтганда, бу ҳудудда томорқадан самарали фойдаланиш йилдан-йилга юксалиб бораётир. Изланиш, интилиш ва ташаббускорлик билан қилинаётган фидокорона меҳнатлар ортидан келаётган катта даромад аҳоли турмушининг янада фаровон бўлишига хизмат қилаётгани жуда ҳам қувонарлидир

 

М.Ғозиев.

 Р.Араббоев. (Фотолар)

Добавить комментарий