Шаҳрихон тумани Сегаза массивидаги Жаҳонгир Тожибоев раҳбарлик қилаётган “Жавоҳир замин зиёси” фермер хўжалиги туманда энг илғорлардан ҳисобланади. Хўжалик аъзолари чилги ҳосил ҳисобланган пиллачиликда катта ютуқларни қўлга киритишди. 17 гектар майдондаги ғаллага бугун-эрта комбайн тушади. Бу борада ҳам режанинг ортиғи билан уддаланишига шак-шубҳа йўқ. Чунки бўлиқ бошоқлар ҳосил мўл бўлганидан дарак бермоқда.
Бугун фермер хўжалигида асосий эътибор 21 гектар майдонга экилган ғўза парваришига қаратилган. Шу кунга қадар ғўзага 8 марта ишлов берилди, ўғитланди, суспензия сепилди. Натижа чакки эмас. Қийғос очилган гуллар кўсакка айлана бошлади.
Дарвоқе, хўжалик аъзолари 2 гектар ғўза қатор орасига соя эккан эдилар. Мазкур сердаромад экин бир текис униб чиқди. Сояга ҳам ишлов бериш ишлари бошлаб юборилди.
Фермернинг режалари жуда катта. Хўжалик иқтисодиётини янада юксалтириш, ишчилар манфаатдорлигини ошириш мақсадида асаларичилик, қуёнчилик ва паррандачиликни ривожлантириш учун амалий ишлар бошлаб юборилди.
Рустамбек АРАББОЕВ.