ШАҲРИХОНДА “ҲУНАРМАНДЛАР МАРКАЗИ”ГА ТАМАЛ ТОШИ ҚЎЙИЛДИ

Ўзбекистон

Шаҳрихон азалдан ҳунармандлар юрти сифатида  довруғ  таратган. Айниқса, туманда пичоқчилик, дўппидўзлик, бешиксозлик, темирчилик, тикувчилик, миллий чопонлар тайёрлаш, косибчилик, ёғочдан турли буюмлар ясаш каби ҳунар турлари жуда ривожланган. Шаҳрихонлик ҳунармандлар маҳсулотларига хорижда ҳам қизиқиш катта.

Президентимизнинг Шаҳрихонда “Ҳунармандлар маркази”ни барпо этиш бўйича ташаббуси тумандаги соҳа вакилларини жуда хурсанд қилди.

Давлатимиз раҳбарининг кўрсатмаси асосида марказ қурилиши учун Қоракўрпа маҳалласи ҳудудидан 1,2 гектар ер майдони ажратилди. Вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов, Ўзбекистон Республикаси савдо-саноат палатаси раиси Адҳам Икрамовлар иштирокида “Ҳунармандлар маркази” қурилишига тамал тоши қўйилди. Тадбирда  фахрийлар, ҳунармандлар, туман жамоатчилиги вакиллари қатнашдилар.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, “Ҳунармандлар маркази” Буюк ипак йўли бўйида қурилади. Бу ерда ҳунармандчилик устахоналари, савдо растаси, меҳмонхона, миллий услубдаги чойхона ва бошқа хизмат кўрсатиш шахобчалари барпо этилади. Бу эса, ўз навбатида туманда туризмнинг ривожланишида муҳим аҳамият касб этади.

Шунингдек, мазкур тадбир асносида жорий йилда туманда ташкил этиладиган янги ишлаб чиқариш, савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари ҳамда қурилажак  замонавий уй-жойлар лойиҳаларининг тақдимоти ҳам ўтказилди.

Рустамбек АРАББОЕВ.

Добавить комментарий