Пойтахтда, масъул лавозимда ишлайдиган қадрдон укам: “Ака, юринг, бир жойни кўрсатаман”, деб қолди. Ўшанда – бундан бир неча йиллар муқаддам у пойтахтнинг Себзор даҳасидан уч хонали квартира олиб, оиласи билан кўчиб кирган, кредит билан енгил машина харид қилган эди. Ўйладимки, менга ҳозир ўша уйи, “Жентра”сини кўрсатмоқчи. Аммо, у кутилмаганда мени ҳозирги Миллий боғ — “Адиблар хиёбони”га олиб борди. Йўл-йўлакай Навоий, унинг ўлмас мероси хусусида суҳбатлашиб бордик. Буюк бобомизнинг “Хамса”, “Муҳокамат ул луғатайн” каби китобларида асосан, туркий тил имкониятлари очиб берилгани, демакки, ушбу асарлар ўзбек миллатининг ўзлигини кўрасатувчи манба бўлганини эътироф этдик.
Мен бобомиз нафақат юртимиз, балки жаҳон миқёсида ҳам ўз қадру қимматини тобора мустаҳкамлаб бораётганини, Япония, Москва ва озар элида ҳайкаллари ўрнатилганида катта ҳикмат мужассамлигини айтдим. Чиндан ҳам, шундай эди. Алишер Навоий ўз давридаёқ, халқлар тенглиги, ўзаро дўстлик, самимият, ҳамжиҳатликни васф этди, “Олам аҳли, билингизким, иш эмас душманлиғ, Ёр ўлунг бир-бирингизга, эрур ёрлиғ иш”, деб қайд этди, ҳамиша халқ манфаатларини куйлади, “Одамий эрсанг, демагил одамий, Оники, йўқ, халқ ғамидин ғами”, деб ёзди. Кимники ўзгага манфаати кўп, ўзига ҳам манфаати кўп, деб таъкидлади. Шунинг учун асрлар оша унинг асарлари, Меҳинбону, Фарҳод, Ширин, Лайли, Мажнун каби қаҳрамонлари омма учун суюмли тимсолларга айланди. Бироқ, йиллар оша, олимлардан бири айтганидек, Навоий бу ерда – Миллий боғда танҳо ўзи эди.
Президентимизнинг ташаббуси билан бу маскан том маънода обод бўлди, миллий қиёфа касб этди. Зулфия ва Ҳамид Олимжон, Абдулла Қаҳҳор ва Абдулла Орипов каби адабиётимизда ўчмас из қолдирган сиймолар ҳайкали ўрнатилди. Ёзувчилар уюшмаси шу ерга кўчиб ўтди. Оппоқ бинога боқиб, оппоқ ҳайратлар мени ва дўстимни чулғаб олди. Гарчи, аввал ҳам бу ерга келган эсам-да, дўстимнинг ҳикоясини, фахрга, ифтихорга йўғрилган сўзларини илк бор тинглаётгандек эдим. Ям-яшил ҳудуд, турли анвойи гуллар ва дарахтлар, устоз адибларнинг сиймолари қалам аҳлини, ҳатто, оддий кишиларни, йўл-йўлакай ташриф буюрувчиларни ҳам ҳайратлантириши турган гап эди.
Албатта, Ёзувчилар уюшмасига иши тушган кишилар, ёшлар бу ерга кўпроқ ташриф буюрадилар. Бинобарин, эндиликда кимки бу боққа, бу масканга келаркан, ўзида улкан масъулият ҳис этиши табиий эди. Чунки, Ойбекдек, Озод Шарафиддиновдек инсонлар сиймоси турган ва энг муҳими, Навоий бобонинг ўзи шахсан нигоҳбон бўлиб турган бу манзилга, демакки, адабиёт, сўз манзилига бефарқ, беэътибор, шунчаки кириш мумкин эмас. Бу ерда адабиёт пирлари нигоҳи, назари, эътибори ҳамиша ҳар бир келгувчини кузатади, уни хушёрликка чорлайди.
Навоий ғоялари… Президентимиз фаолиятининг илк кунлариданоқ, улуғ бобомиз орзу ва ғояларига ҳамоҳанг иш бошлади – қўшнилар, узоқ-яқин давлатлар билан ўзаро тенг ҳуқуқли алоқаларни йўлга қўйишни кўзлади. Чегараларни очди, қардошларни, қўшниларни юз кўриштирди. Шавкат Мирзиёев йигирма йиллаб ечилиши лозим бўлиб турган баъзи муаммоларни йигирма дақиқага ҳам қолдирмай ҳал этиб қўяқолди. Улус манфаати, аҳолининг, айниқса оддий кишиларнинг ҳаётдан розилигини таъминлаш у киши учун олтин қоида ва ҳаётий дастур-тамойил бўлиб қолди.
Яна дўстим билан адабиётга бўлган бундай эътибор ҳақида тўлқинланиб суҳбатлашдик.
-Муҳаммад Юсуф ижод мактаби ҳам гуллаётгандир?-сўради оғайним.
-Албатта,-дедим. Муҳамад Юсуфнинг қисқа, аммо, сермазмун умри, ҳаёти, у билан боғлиқ жамғарма, шоирнинг фидойи рафиқаси Назира Ас-Саломнинг кейинги йилларда нашр қилдирган ўнлаб китоблари, адабий-маданий тадбирлар бари андижонлик шоир ўғлонга муносиб эътироф эканлигини қайд этдим. Муҳаммад Юсуф, дарҳақиқат, кенг омма қалбига кириб борди, унинг истиқлол, одамийлик, тарих, кеча ва бугун, имон, эътиқод ҳақидаги содда, самимий, равон шеърлари ўзбек халқи маънавияти, маърифатининг ажралмас қисми, хазинаси, безавол ҳусни бўлиб қолди.
Мен бир жиҳатни айтиб ўтдим. Давлатбошимиз ҳали Президент вазифасини бажарувчи сифатида ишлаётган кезларидаёқ Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Эркин Воҳидов, кейинроқ Абдулла Орипов хотирасига чуқур эҳтиром кўрсатди. Нафақат марҳум шоирларимиз, балки, уларнинг садоқатли рафиқаларини ҳам юксак мукофот ва эътирофлардан бебаҳра қўймади. Адабиётга, маънавиятга, эзгуликка бундан ортиқ эътибор бўлиши мумкинмиди?
Ёзувчилар уюшмаси фаолияти, унинг қошидаги “Ижод” жамоат фонди тузилмаси ва ноширлик ишлари бирма-бир тартибга солинди, янги босқичга кўтарилди, замон ва маконга мос мазмун ва қиёфа касб этди. Ўтмиш ҳам, бугун ҳам унутилмади. Шароф Рашидов номи абадийлаштириларкан, менинг назаримда унинг нафақат зукко давлат арбоби, ўзбекпарвар, миллатпарвар экани, балки, улкан шоир ва адиблиги ҳам ҳисобга олинган. Шунинг учун, Ғалабанинг 75 йиллиги арафасида унинг шеърлар китоби қайта нашр этилди.
Президентимиз, Адабиётга, Сўзга, Тилга эътиборни Миллат феноменига эътибор сифатида қараб, давлат аҳамиятидаги масала даражасига кўтарди. Бу эса, ўз улуғларининг асарларини истибдод вақтида яширинча ўқиб, бу иши гоҳ жиноятдек қаралиб, сўроқларга, таъқибларга учраган миллат ва унинг зиёлилари учун том маънода Байрам эди. Суҳбат орасида ҳамроҳим Абдулла Ориповнинг: ”Биз-ку, истиқлолни кўра олдик, қура олдик, аммо, сиз ёшлар бундан-да гўзал, сафоли кунларни кўргайсиз!” деган гапини эслади. Ҳа, улуғ шоиримиз лутф этган экан – сўнгги йиллардаги иқтисод, сиёсат, мафкура, аънавият, адабиёт соҳасидаги ўзгаришлар фақат эътирофга лойиқ.
Ижод аҳли учун уйлар, мукофотлар, танловлар, тадбирлар, муваффақиятлар ҳаммаси СЎЗ устидаги жонбозликлардир. Агар, мамлакат раҳбари ҳар бир соҳанинг негизини чуқур англовчи олим эканини ҳисобга олсак, қолаверса, у кишининг халқ ичидан чиққан, узоқ йиллик давлат бошқаруви тажрибасига эга ШАХСлигини кўзда тутсак, бу масалалар халқ дилида, тилида турган ният, орзулиги аёнлашади. Фақат, камтарин халқимиз бу орзуларни изҳор қилмай келди ва, давлатимиз раҳбарининг заргарона синчковлиги туфайли, асрий ва умумбашарий АДАБИЁТ том маънода қадру қимматга эга бўлди.
“Ижод мактаб”лари ўқувчиларига қўйиладиган юксак талаблар, янгича ёндашувлар, уларнинг ўзаро тажриба алмашинувларининг ташкил этилиши, марҳум ижодкорларнинг катта-катта “Танланган асар”ларининг чоп этилиши, ёшларнинг биринчи қадамларини қутловчи ижодий ва ижобий лойиҳалар ўзи билан ўзи андармон Дунё халқлари учун ўзбекона ибратдир. Ўзбекона ибрат феномени доим ҳам менинг шахсий нуқтаи назаримда ярқираб-яшнаб, товланиб, саккиз қиррали олмосу ақиқ янглиғ жозиба касб этиб турган, жило сочган. Иккинчи жаҳон уруши йиллари Ўзбекистон нафақат ота-онасиз юзлаб уруш гўдакларига, балки, олис ўлкалардан келтирилган хориж адиб ва ёзувчиларига ҳам ОНА бўлди, меҳр ва нон берди. Биргина ўзбек шоири Уйғунинг рус шоирлардан бирига қанчалик меҳр кўрсатганини адабиётшунос Лидия Бать ўз эсдаликларида айтиб ўтган.
Мамлакат аро танловлар, эътирофлар, эътиборлар ўзбек адиблари, шоирлари қаддини, қадрини амалда кўтариб юборди. Бундай эътирофлар иккимизнинг қалбимизда лиммо-лим эди.
Куни кеча қайтадан очилган Адиблар хиёбони ҳақида шу ва шу каби мулоҳазаларни, ғурур аксларини соатлаб гапириш мумкин.
Ҳа, Юртбошимиз ташаббуси билан Алишер Навоий номи билан аталувчи Ўзбекистон Миллий боғи ва ундаги Адиблар хиёбони янги кўриниш, мазмун касб этди. 8 гектарлик майдонда тамомила янги ансамбль, ижодий-мемориал мажмуа юз очди. Бу ерда Бобур, Чўлпон каби андижонлик адибларнинг ҳайкаллари янгитдан очилгани, Александр Файнберг, Тўлепберген Қаипбергенов каби қардошларнинг ҳам ҳайкаллари ўрнатилгани, бундан ўзга манзилларда Махтумқули, Шота Руставели, Пушкин, Абай кабиларнинг ҳайкаллари қад ростлагани ЎЗБЕКнинг нафақат ўз, балки, ўзга халқлар адабиёти вакилларига ҳам чексиз эҳтироми, одатий, феълий-фазлий толерантлигини исботлайди. Камина яхши эслайман – Шавкат Мирзиёев Туркманистонга сафари чоғида улуғ Махтумқулининг асарлар тўпламини Туркманбошига туҳфа қилганида албатта, катта рамзий маъно бор. Бу ишларнинг ҳаммаси бевосита Шавкат Мирзиёев ва унинг фаолияти билан боғлиқлигини эътироф этсак, кўнглимиз фавқулодда ёришиб кетади. Ҳар бир халққа, ҳар бир элат ва миллатга ҳам шундай Юртбоши насиб этсин, деган шукрона борлиғимизни чулғайди.
“Албатта, жаҳонда ҳар бир халқнинг ўз миллий адабиёти ва маданиятини бамисоли кўзгудек акс эттирадиган боғлар, музейлар, кутубхоналар, санъат муассасалари кўп. Лекин айнан Адиблар хиёбони каби мамлкат пойтахтининг қоқ марказида, сўлим бир жойда қиёфаси билан уйғунлашиб кетган маскан йўқ, десак, ҳар жиҳатдан ўринли бўлади”, таъкидлайди Ўзбекистон халқ шоири Маҳмуд Тоир. Чиндан-да, шундай. Президентимиз нафақат адибларнинг ҳайкалларини очтириб, уларнинг номини абадийлаштирди, балки, ҳар бир ўқув юртига муайян бир адибнинг ижоди, меросини тадқиқ қилиш вазифасини ҳам юклади. Бу, адабиётшуносликда ҳам янги қадамлар, деганидир.
Бугун, пандемия шароитида жаҳоннинг манаман деган ривожланган давлатлари ҳам ўз иқтисодини тиклаш, карантиндан кейиги ҳаётни ростлаш ташвишлари билан банд. Бу ташвишлардан “Глобус” каби жаҳоннинг машҳур маданий-маърифий ўчоқлари ҳам ҳоли эмаслигини телевидениедан билиб турибмиз. Бироқ, бизнинг юртда ҳам иқтисод, ҳам аҳолини иш билан таъминлаш, пандемиал шароитда иқтисоднинг ва аҳоли реал даромадларининг тушиб кетмаслиги, айни вақтда, юқоридаги каби адабий-маънавий, маърифий соҳаларга ҳам эътибор қаратмоқдамизки, бу, бевосита халқимизнинг Юртбоши айтмоқчи “бир мушт”дек жипслиги, аҳиллик, якдиллиги натижасидир.
Биз ўшанда айланган Адиблар хиёбони энди янги қиёфасини янада очди, сўлимлашди, баркамоллашди.
Оппоқ бинолар, оппоқ ҳайратлар маконидаги мулоқотимиз анча давом этди. Иккимизнинг ҳам кўнглимиз мунаввар ҳислардан ёруғ эди ўшанда.
Бугун эса, телевидение орқали бу ердаги ўзгаришларни кўриб, гувоҳлари бўлган устозларимизнинг ҳайратларини тинглаб, ўша ҳайратларим янгиланди, кучайди, қалбимда шу Юртнинг бир кичик шоир ўғли сифатида фахрим, ғурурим жўш урди.
Агар Юртбошимиз таъкидлагандек, халқ, айниқса, ёшлар қалбига Адабиётни киргизолсак, келажак янада буюк, маърифатдан музайян бўлиши турган гап. Ахир, Адабиётни севган халқдан ёмонлик чиқармиди?
Яна бир гап – муҳтарам Президентимиз нафақат адиблар номи, балки, меросига ҳам барҳаётлик бахш этди. Ҳар бир адиб ё ёзувчи ҳайкалини муайян олий ўқув юртига берди. Топшириққа, қалб амрига кўра, шу йил 30 май куни хиёбонда қатор олий ўқув юртилари талаба ва устозлари иштирокида семинарлар, очиқ дарслар бўлиб ўтди. Жумладан, Ички ишлар вазирлиги академиясига ҳамюртимиз Абдулаҳамид Сулаймон Чўлпон мероси топширилган эди. Вазирлик академияси жамоси бу борда қатор ишларни амалга ошириб, Андижонга, шоир уй-музейи ва Андижон давлат университетига ташриф буюрди. Қатағон қурбонлари билан боғлиқ музейда унинг раҳбари, ҳассос тарихчи олим Рустамбек Шамсутдиновнинг маълумотлари билан танишдилар, келгуси режалар белгиланди. Шу тариқа, Миртемир ва Абдулла Орипоқ, Тўлепберген Қаипбергенов ва Муқимий кабиларнинг мерослари абадийлаштириладиган бўлди.
Қатағон йиллари тарихи бизларга университетда ўқитилган – айтилардики, жадидларнинг ҳар бир машғулотини “часовой”лар кузатиб турган. Биров бир оғиз “ножўя” гап қилса, “тройка” эртасигаёқ хабар топган. Араб графикасида босилган ҳар қандай китоб – ҳатто, замон шоирларининг китоблари ҳам бу исломий, деб, эскилик сарқити, деб “итқитилган”, қатағон қилинган. Эмишки, шоир Элбекнинг онаси ўғли қамалгач, йиғлай-йиғлай у ўқиган китобларни тандирга ёққан. Китобда нима айб?
Ўзбекистон халқ шоири Рамз Бобожон ўз эсдаликларида ўша 30- йиллари ҳар куни рафиқаси билан агар қайтмасам, ҳайр, мендан рози бўл, деб ишга жўнаганини айтади. Даҳшат, шундай эмасми?
Бугун шундай замонлар ҳам келаркан-ку! Иқтисодчи ҳам, юрист ҳам, ички ишлар тизими ходими ҳам, ҳатто, давлат хавфсизлик хизмати ходими ҳам адабиётчи, китобхон! Ким туфайли?!
Муҳтарам Юртбошимиз, адолатли давлат раҳбари туфайли эмасми?
Шунинг учун, мен бир фуқаро сифатида айтаманки, ШАВКАТ МИРЗИЁЕВ – фақат ПРЕЗИДЕНТГИНА ЭМАС, У КИШИ – МИЛЛАТ УСТОЗИ!
БОШҚА ГАП БЎЛИШИ МУМКИН ЭМАС!
Бугун у киши туфайлигина ҳазрат Мир Алишер Навоий орзуси ушалди. Орзулари ушалган Навоий назаримда асрлар оша бизларга мамнун қараб, уфқлар ортидан жилмайгандек, халқни, Юртбошини дуо қилаётгандек туюлди.
Тилимда, дилимда беихтиёр мисралар айланди:
Насиб эрур Яратгандан шундай диёр,
Бош устида тиниқ осмон, уфқ беғубор,
Минтақада баҳор, ҳар бир қалбда баҳор,
Юртбошингдан миннатдор бўл, эй она халқ,
Коинотнинг кафтидаги фарзона халқ!
Азизлар, СЎЗ қадрланган, инсон қадрланган бу кунларга шукр қилайлик!
Икромжон АСЛИЙ,
шоир.