ОГОҲ БЎЛИНГ!

Жамият

Газ йўқ бўлса: уй иситишнинг муқобил воситалари

Ҳаво ҳароратининг пасайиб, кунлар совиши натижасида электр, газ ёки бошқа ёқилғида ишлайдиган иситиш мосламаларидан фойдаланишга эҳтиёж ортади. Улардан фойдаланишда эътиборсизлик туфайли ёки носоз, ностандарт иситиш мосламаларини ишлатиш натижасида ёнғинлар содир бўлиши мумкин.

Бундай нохушликларнинг олдини олиш учун уй-жой ширкатлари, ижтимоий соҳа ва иқтисодиёт тармоқлари объектларидаги газ, электр ва бошқа ёқилғида ишловчи иситиш мосламаларини соз ҳамда шай ҳолатга келтириш чоралари мавсум бошланишидан аввал амалга оширилиши зарур.

Акс ҳолда иситиш мосламалари билан боғлиқ турли нохуш ҳолатлар юзага келиши мумкин. Ўтган 2019/2020 йил куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш даврида олиб борилган профилактик чора-тадбирларга қарамасдан республикада 6805 та ёнғин содир бўлиб, оқибатда 82 нафар фуқаро ҳалок бўлган ва 139 нафар инсон куйиш тан жароҳатини олган. Келтирилган моддий зарар миқдори 50 млрд. сўмдан ортиқни ташкил этган. Содир бўлган ёнғинларнинг 5986 таси, яъни 88 фоизи аҳоли турар-жойларига тўғри келган.

Юқоридаги каби кўнгилсиз ҳодисаларнинг, шунингдек, мамлакатимизда мавсум давомида фавқулодда вазиятларнинг яъни,  куз-қиш мавсумида содир бўлиши мумкин бўлган ёнғин, газ ва ҳаво аралашмасининг чақнаши ҳамда ис газидан заҳарланишнинг олдини олиш мақсадида, қуйидагиларга риоя қилишингизни сўраб қоламиз:

— ташқи ҳимоя қобиқлари шикастланган электр сим ва кабеллардан фойдаланманг;

— электр хўжалигида ортиқча юкланиш ва электр симларнинг қисқа туташувидан содир бўлиши мумкин бўлган ёнғинларнинг олдини олиш лозимлиги сабабли сифат сертификатига эга бўлган ҳимоя сақлагичларидан (автоматлардан) фойдаланинг;

— иситиш мавсуми бошланишидан аввал, иситиш печлари ва улар дудбўронларининг созлиги, қувурларнинг ҳар хил маҳсулотлар билан беркилиб қолмаганлигини кўздан кечиринг ва дудбўрон орқали ҳаво тортиш кучига алоҳида аҳамият қаратинг;

— иситиш печларининг дудбўронларини тозалаш, созлаш ва уларнинг қоида талаблари асосида ўрнатилиши бўйича хизмат кўрсатувчи махсус ташкилотларга мурожаат қилиш ва улар томонидан лозим даражада хизмат турларининг бажарилишига эришинг;

— носоз, қўлбола иситиш мосламаларидан фойдаланманг, стандарт талабларига жавоб берадиган иситиш мосламаларидан фойдаланишда уларни ишлаб чиқарган корхонанинг йўриқномасидан фойдаланинг;

— иситиш печларини ҳаддан зиёд қиздириб юборманг;

— газ ва электр иситиш мосламаларини назорат қилишни ёш болаларга топширманг;

— газ таъминоти идоралари мутахассисларини жалб этган ҳолда газ жиҳозларини тафтишдан ўтказиб, уларга техник хизмат кўрсатилишини ташкил этинг;

— газ ускуналарини улаш бўйича тартиб-қоидаларга риоя қилинг;

— ёнувчи материалларни газ плиталари устида қуритманг;

— газ иситиш мосламаларидан хавфсизлик автоматикалари (газнинг ўчиб, қайта келишини назорат қилувчи мослама) орқали фойдаланинг ва уларнинг доимий созлигига эътибор беринг.

Агар хонада газ ҳидини сезсангиз, чироқ ва учқун чиқарувчи мосламалардан фойдаланманг, дарҳол хонани шамоллатиш чорасини кўринг. Бу ҳақда “104” рақами орқали газ хизматига, ёнғин содир бўлган тақдирда, ёнғин-қутқарув хизматининг “101” телефон рақамига хабар беринг.

Ушбу қоидаларга риоя этиш билан Сиз ўзингиз ва яқинларингиз ҳамда уй-жойингизни турли бахтсиз ҳодисалар ва ёнғиндан асраб қолган бўласиз.

 

А.РАҲМОНОВ,

 Шаҳрихон тумани ФВБ Профилактика ва назорат

бўйича инспектори.        

Добавить комментарий