Барчамизга маълумки, бугунги кунда мамлакатимизнинг сайлов тизимида ислоҳотлар жадаллик билан давом эттирилмоқда. Хусусан, Республикамизда Сайлов кодексининг ишлаб чиқилгани ҳамда кучга кирганлиги ҳам юқоридаги фикримизнинг ёрқин далилидир.
Шу жумладан, Ўзбекистон Республикасининг сайлов тизимида ислоҳотлар давом эттирилиб, Ўзбекистон Республикаси сайлов қонунчилигини такомиллаштириши муносабати билан 2021 йил 8 февраль куни Ўзбекистон Республикасининг ЎРҚ–670-сонли қонуни қабул қилинди. Ушбу қонун қабул қилингани муносабати билан Ўзбекистон Республикаси сайлов қонунчилигига қуйидаги ўзгартиришлар киритилди. Сайлов қонунчилигига киритилган ўзгартиришларни мазмун-моҳияти қуйидагилардан иборатдир. Хусусан эндиликда:
- Президентликка ва депутатликка сайловлар ваколат муддати тугайдиган йилда – октябрнинг учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказилади. (Илгари декабрда эди)
- Халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашига сайлов ўтказиш бўйича округ сайлов комиссиялари тузилмайди.
- Чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузуридаги сайлов участкаларида сайловчиларнинг рўйхати муассаса бошлиқлари томонидан тақдим этилган маълумотлар асосида тузилади;
- Тузилган участка сайлов комиссиялари чет давлатлардаги фуқароларни рўйхат билан танишиш усули, жойи ва вақти тўғрисида хабардор қилади;
- Чет элдаги фуқаролар ўзларини рўйхатга киритиш тўғрисида сайловдан 15 кун олдин ёзма дипломатик ва бошқа ваколатхоналар ҳузуридаги участка сайлов комиссияларигаёки Ташқи ишлар вазирлигининг расмий веб-сайти орқали электрон шаклда мурожаат қилиши мумкин;
- Ўзбекистоннинг дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузуридаги участка сайлов комиссиялари:
- фуқароларнинг мурожаатида кўрсатилган шахсга доир маълумотларни текширади ва рўйхатга киритиш ҳақидаги масалани ҳал қилади;
- рўйхатга киритилган фуқаролар ҳақидаги маълумотларни Ташқи ишлар вазирлигига тақдим этади.
- Чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналарда овоз бериш сайлов куни маҳаллий вақт билан соат 8.00 дан 20.00 гача ўтказилади;
- Ташқи ишлар вазирлиги рўйхатдаги фуқаролар ҳақидаги маълумотларни Давлат персоналлаштириш марказига Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатига тегишли тузатишлар киритиш учун тақдим этади.
С.РАХИМОВ,
Шаҳрихон тумани адлия бўлими етакчи маслаҳатчиси.