Мақсад аниқ, режалар қатъий. Амалий ишларга эса аллақачон киришилган. Хусусан, Президентимиз Фармони асосида Аҳолини рўйхатга олиш тадбирини ўтказиш Контсепцияси тасдиқланди.
Мазкур Контсепция асосида Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Адлия вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда Ўзбекистон Республикасининг «Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисида»ги Қонуни лойиҳаси ишлаб чиқилиб, кенг муҳокама ва ҳуқуқий экспертизалардан сўнг 2020 йил 16 март куни қабул қилинди.
Қонун 5 боб, 31 моддадан иборат бўлиб, унда қонуннинг мақсади, асосий тушунчалар, аҳолини рўйхатга олишнинг вазифалари ва принтсиплари ёритиб берилган. Асосий принтсиплардан бири сифатида даврийлик принтсипи, яъни аҳолини рўйхатга олиш ўн йилда камида бир марта ўтказилиши ҳамда аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш тўғрисидаги қарор, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қабул қилиниши белгилаб қўйилган.
Яна бир муҳим принтсиплардан бири, бу шахсга доир маълумотларнинг махфийлиги бўлиб, бунда аҳолини рўйхатга олиш жараёнида йиғилган шахсга доир маълумотлар махфий ҳисобланиши, улар респондентнинг розилигисиз ошкор этилмаслиги ва тарқатил-маслиги қатъий белгилаб қўйилган.
Қонунда респондент тушунчасига ҳам аниқлик киритиб кетилган, яъни респондентлар – аҳолини рўйхатга олиш санасида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳисобланади. Шунингдек, Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи, лекин аҳолини рўйхатга олиш санасида унинг ҳудудидан ташқарида бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳам респондент ҳисобланиши ёритиб ўтилган.