Шу кунларда Ватанимиз мустақиллигининг 30 йиллиги шодиёналари давом этмоқда. Истиқлол йилларида мамлакатимиз жаҳон ҳамжамиятида ўзининг ўрнига, нуфузига эга бўлди, юртимизда асрларга татигулик улкан бунёдкорлик, яратувчилик ишлари амалга оширилди.
Айниқса, муҳтарам Президентимиз Ш.М.Мирзиёев раҳбарлигида бошланган тараққиётнинг янги босқичида олиб борилаётган катта ислоҳотлар халқаро миқёсда муносиб эътироф этилаётгани жуда қувонарлидир.
Мана шундай гўзал, бетакрор, тинч ва осойишта Ватанда яшаш ҳар биримиз учун бахтдир. Бу юртни севиш, шу билан бирга, унинг тараққиётига ҳисса қўшиш инсоний бурчимиздир. Бугун айрим минтақаларида, қўшни давлатларда нотинчлик ҳукм сурмоқда. Уруш ҳаракатлари, қон тўкилишлар давом этмоқда. У ерларда одамларнинг жони хавфда, қочқинлар кўпайган ва улар борган жойларида ҳам оғир шароитларда яшамоқдалар.
Биз бутун жаҳонда тинчлик бўлишини хоҳлаймиз. Бунинг учун энг аввало, ўз юртимизда тинчликни асраб-авайлашимиз даркор. Диний ибодатларимизни бекаму кўст адо этиш, Ҳайит айёмларини умумхалқ байрами сифатида нишонлаш, муқаддас Ислом динини янада тараққий этиши учун барча шарт-шароитлар муҳайё этилган шароитда ношукрлик қилмаслик, турли бузғунчи тарғиботларга учмаслик, билим ва кучимизни Ватан равнақи, динимиз ривожи йўлида сарфлаш бурчимиздир. Шу кунларда ҳам Ватанни, ота-онасини ташлаб, жангари тўдалар йиғилган жойларга чиқиб кетаётганлар учраб турибди. Уларнинг деярли ҳаммаси қилган ишига пушаймон бўлади, лекин сўнгги пушаймон ўзингга душман, деганларидек, изига қайтишга имкон тополмай, хору зор бўлмоқда.
Ватанимиз фарзандлари сифатида ҳеч ҳам ношукрликка йўл қўймай, кўпдан-кўп шукрона қилиш – бурчимиздир. Чунки ношукрлик неъматларни қўлдан кетишига сабаб бўлади. Аллоҳ таоло неъматларга шукр қилсак, зиёда қилиш ваъдасини берган: “…агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман…” (Иброҳим сураси 7-оят).
Аллоҳ таоло барчамизни Ватанимиз тараққиёти ва фаровонлиги йўлида олиб бораётган хайрли ишларимизга ривож берсин, фарзандларимиз улуғ аждодларга лойиқ фарзандлар бўлишини насиб айласин, дунё ва охиратимиз саодатига етаклайдиган амаллар қилишимизни насибу рўзи айласин.
Иззатуллоҳ ТУРҒУНОВ,
Шаҳрихон тумани бош имом-хатиби.