ҲАР БИР МУРОЖААТ ЭЪТИБОРДА

Ижтимоий-сиёсий

Шаҳрихон тумани юридик хизмат марказига 2021 йилнинг октябрь, ноябрь ва декабрь ойлари давомида жами 30 та турли хил мурожаатлар келиб тушган бўлиб, уларнинг барчаси қонун талаблари асосида ҳал этилди.

“Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонунининг 27-моддасида “Мурожаатларни кўриб чиқиш натижаларига кўра давлат органи, ташкилот ёки уларнинг мансабдор шахслари томонидан қарор қабул қилинади, бу ҳақда мурожаат қилувчига дарҳол ёзма ёки электрон шаклда хабар қилинади” деб қатъий белгиланганлиги сабабли юқоридаги мурожаатларнинг барчасига жавоб хати юборилди.

Марказга келиб тушган 30 та мурожаатлардан 10 таси қаноатлантирилган бўлса, 20 тасига тушунтириш берилди.

Мисол учун, тумандаги 7-мактабгача таълим ташкилотининг ошпази Ф.Эшматованинг соғлиғи яхши бўлмаганлиги сабабли иш жойига ўз вақтида бора олмаганлиги учун қандай ҳужжатларни тақдим этишни сўраб йўллаган мурожаати Марказ ходимлари томонидан ўрганилиб, унга зарурий ҳужжатларни тайёрлашда амалий ёрдам кўрсатилди.

Ёки, туман Ободонлаштириш бошқармаси ходими М.Тўхтаназарованинг 2021 йилда фойдаланмаган меҳнат таътилидан кейинги йилда фойдаланиши мумкинлиги хусусида ҳуқуқий маслаҳат беришни сўраб йўллаган мурожаати Марказ ходимлари томонидан ўрганилиб, муаллифга ҳуқуқий маслаҳат берилди.

Шунингдек, туман Маданият бўлимининг бош ҳисобчиси Ш.Ўриновнинг давлат ҳаридлари жараёнида қандай чекловлар мавжудлиги юзасидан тушунча беришни сўраб йўллаган мурожаати Марказ ходимлари томонидан ўрганилиб, муаллифга Ўзбекистон Республикасининг “Давлат ҳаридлари тўғрисида”ги Қонуни талаблари асосида, амалий ёрдам кўрсатилди.

Юқоридагилардан ташқари, Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонуннинг 9-моддасида “Жисмоний шахсларни ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилиш тартиби” кўрсатилган бўлиб, “Жисмоний шахсларни ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилиш давлат органининг, ташкилотнинг раҳбари ёки бошқа мансабдор шахси томонидан амалга оширилади. Бунинг учун давлат органларида, ташкилотларда махсус таркибий бўлинмалар ташкил этилиши мумкин, қабул учун масъул бўлган мансабдор шахслар белгилиши, давлат органларининг раҳбарлари ёки бу борада ваколат берилган бошқа мансабдор шахслари томонидан жисмоний шахсларнинг ва юридик шахслар вакилларининг сайёр шахсий қабуллари, шунингдек оммавий қабуллар ташкил этилиши мумкинлиги кўрсатилганлиги сабабли Марказ ходимлари томонидан жойларда тарғибот тадбирлари ўтказиш билан бирга, сайёр қабуллар ўтказиб келинмоқда.

         Натижада, сайёр қабуллар давомида 46 нафар фуқароларга ҳуқуқий тушунчалар берилган бўлса, 19 нафарининг оғзаки мурожаатлари қабул қилиб олинди ва муаллифларга жавоб хатлари юборилди.

Исомиддин ЭРГАШЕВ,

 Шаҳрихон тумани юридик хизмат кўрсатиш Маркази бош юрисконсульти.

Добавить комментарий