Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2021 йил 20 август куни мамлакатимиз тадбиркорлари билан ҳудудларда қулай инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини яратиш, муҳандислик-коммуникация ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини яхшилаш, шунингдек, тадбиркорларнинг муаммо ва таклифларини бевосита ўрганиш ҳамда тадбиркорликни келгусида ривожлантиришнинг асосий йўналишларини белгилаб олиш бўйича очиқ мулоқот ўтказилган эди.
Бундай шаклдаги учрашув илк бор ўтказилган бўлиб, учрашувда жами 10 мингга яқин тадбиркор иштирок этган.
Мазкур очиқ мулоқот давомидан тадбиркорлар томонидан ўзларини қийнаётган муаммоли масалаларга оид 15 мингдан ортиқ мурожаатлар бўлган. Ушбу мурожаатларнинг 40 фоизи бизнесни молиялаштириш ва молия-кредит масалалари билан боғлиқ эди.
Тадбиркорлар билан ўтказилган мазкур очиқ мулоқат доирасида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида 2022 йил 21 январь куни “Республика ҳудудларида тадбиркорлик инфратузилмасини ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги
ПФ–54-сонли Президент Фармони қабул қилинди.
Фармон билан Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузурида тадбиркорлик инфратузилмасини ривожлантириш жамғармалари ташкил этилди.
Жамғармаларни шакллантиришнинг асосий манбаси ерни хусусийлаштиришдан ва ерни ижарага беришдан тушадиган маблағлар ҳисобланиб, жамғармалар маблағлари қуйидагилар учун сарфланиши белгиланди:
- “Янги Ўзбекистон”, давлат уй-жой дастурларидаги массивларни ташқи муҳандислик-коммуникация билан таъминлаш;
- 200 миллиард сўмдан ошадиган, инвесторнинг ўз маблағлари 25 фоиздан кам бўлмаган, инвестиция дастурларига киритилган лойиҳаларни ташқи муҳандислик-коммуникация тармоқлари билан таъминлаш;
- Аҳоли пунктлари бош режалари, ҳудудларнинг маъмурий-режалаштирув топшириқлари ва батафсил режалаштириш лойиҳаларини ишлаб чиқиш.
Шунингдек, Фармон билан Урбанизацияни ривожлантириш жамғармаси тугатилди.
Аббосжон РАҲМОНОВ,
Андижон вилояти адлия
бошқармаси етакчи маслаҳатчиси.