Жиноят ишлари бўйича Шаҳрихон тумани суди ҳамда туман прокуратураси ҳамкорлигида туман тиббиёт бирлашмасининг иккинчи туғруқ комплекси ходимлари иштирокида одам савдосига қарши курашиш масалаларига бағишланган давра суҳбати ташкил этилди.
Жамоатчиликка яхши маълум, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, шунингдек, одам савдосига қарши курашиш масалалари бўйича комиссия томонидан олиб борилаётган саъй-ҳаракатларга қарамай, жамиятда мазкур жиноятга қўл уриш ҳоллари учраб турибди.
Айниқса, чақалоқ савдоси билан боғлиқ ҳолатлар ҳам қайд этилмоқдаки, бунинг сабаблари фарзанд кўрган оиланинг ижтимоий аҳволи, турмуш қурмаган қизлар томонидан ҳомиладорликни яшириш ёки бефарзанд оилаларнинг янги туғилган бола асраб олишга эҳтиёжи каби омиллар билан боғлиқ.
Чақалоқ савдоси, асосан, моддий манфаатдор бўлиш мақсадидаги шахслар томонидан ташкил этилади. Аммо шу жиҳати ҳам борки, фарзанд асраб олиш илинжида юрган танишига одамгарчилик юзасидан ёрдам бераман, деб ният қилган киши ҳам билиб-билмай жиноятга аралашиб қолиши ҳеч гап эмас. Бу кўпинча болани бирор оилага фарзандликка бериш ва асраб олишга доир мавжуд тартиб-таомилларни четлаб ўтишда кўзга ташланади. Шу боис ҳар бир фуқаро “чақалоқ савдоси” ҳамда “фарзанд асраб олиш” тушунчалари ўртасидаги нозик чегарани яхши англаши, айни мавзуга доир қонун-қоидаларни билиши даркор.
Учрашувда жиноят ишлари бўйича Шаҳрихон тумани суди раиси Адҳам Дадахонов ҳамда туман прокурори Бахтиёр Худойбердиев кун тартибидаги масала бўйича идоралараро комиссия томонидан олиб борилаётган ишлар хусусида батафсил маълумот бериб, иштирокчиларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтардилар.