“Нуронийларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг турмуш даражасини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–167-сон, 15.03.2022 й.) қабул қилинди.
Қарорга мувофиқ, “Бир нуроний ўн ёшга масъул” тамойилини қарор топтиришдаги ташаббускор нуронийлар моддий ва маънавий қўллаб-қувватланади.
Ходимнинг пенсия ёшига тўлганлиги учун меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиш тақиқланади.
2022 йил 1 апрелдан:
-ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз кексалар ва ёлғиз яшайдиган кексалар ҳар йили бир маротаба санаторийларда бепул соғломлаштирилади;
-шароити оғир ва кам таъминланган кексаларга рецептга асосан 3 ойлик эҳтиёж асосида дорилар, тиббий ва махсус протез-ортопедия мосламалари олиб берилади ҳамда жарроҳлик амалиётларининг харажатлари қопланади;
-оғир ташҳисли касал ҳамда ногирон кексаларга шифокорлар рецептларига мувофиқ, 3 ойлик эҳтиёждан келиб чиқиб дори воситаларининг 50 фоизигача суммаси компенсация қилинади;
-кексаларнинг жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишлари учун абонемент харажатлари қопланади;
-давлат театрлари ва музейларига кексалар учун чипта нархлари тўлиқ қоплаб берилади.
2022 йил 1 сентябргача кексаларга оид маълумот ва янгиликлар уларнинг мобиль телефон рақамларига SMS орқали маълум қилиб борилади.
Мамлакатимизда фаол қариш индекси жорий этилади.
С.РАХИМОВ,
Хўжаобод тумани юридик хизмат кўрсатиш маркази бошлиғи.