САВОЛ- БЕРИНГ,  ЖАВОБ БЕРАМИЗ!

Жамият

 — Ногирон боласини тарбиялаётган аёлларга қандай имтиёз бор?

— Ногирон боласини тарбиялаётган ота-онанинг бирига (васийга, ҳомийга) бола ўн олти ёшга тўлгунга қадар давлат ижтимоий суғуртаси маблағлари ҳисобидан бир кунлик иш ҳақи миқдорида ҳақ тўлаган ҳолда ойига қўшимча бир дам олиш куни берилади.

Аёлларга болани овқатлантириш учун танаффуслар бериладими?

 — Икки ёшга тўлмаган боласи бор аёлларга, дам олиш ва овқатланиш учун бериладиган танаффусдан ташқари, болани овқатлантириш учун қўшимча танаффуслар ҳам берилади. Бу танаффуслар камида ҳар уч соатда бир марта ҳар бири ўттиз минутдан кам бўлмаган муддат билан берилади. Икки ёшга тўлмаган икки ва ундан ортиқ боласи бўлган тақдирда, танаффуснинг муддати камида бир соат қилиб белгиланади.

Болани овқатлантириш учун бериладиган танаффуслар иш вақтига киритилади ва ўртача ойлик иш ҳақи ҳисоби бўйича ҳақ тўланади.

Боласи бор аёлнинг хоҳишига кўра, болани овқатлантириш учун бериладиган танаффуслар дам олиш ва овқатланиш учун белгиланган танаффусга қўшиб берилиши ёки умумлаштирилиб, иш кунининг (иш сменасининг) бошига ёки охирига кўчирилиб, иш куни (иш сменаси) шунга яраша қисқартирилиши мумкин.

Бу танаффусларнинг аниқ муддати ва уларни бериш тартиби жамоа шартномасида, агар у тузилмаган бўлса, — иш берувчи ва касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишиб белгилаб қўйилади.

—   Бола парваришлаш таътилининг муддати қанча?

— Ҳомиладорлик ва туғиш таътили тугаганидан кейин аёлнинг хоҳишига кўра, унга боласи икки ёшга тўлгунга қадар болани парваришлаш учун таътил берилади.

Аёлга, унинг хоҳишига кўра, боласи уч ёшга тўлгунга қадар болани парваришлаш учун иш ҳақи сақланмайдиган қўшимча таътил ҳам берилади.

Болани парваришлаш учун бериладиган таътиллардан боланинг отаси, бувиси, буваси ёки болани амалда парваришлаётган бошқа қариндошлари ҳам тўлиқ ёки уни қисмларга бўлиб фойдаланишлари мумкин.

— Бола икки ёшга тўлгунга қадар болани парваришлаш учун таътил даврида нафақа тўланадими?

— Ҳомиладорлик ва туғиш таътили тугаганидан кейин аёлнинг хоҳишига кўра, унга боласи икки ёшга тўлгунга қадар болани парваришлаш учун таътил берилиб, бу даврда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда нафақа тўланади.

Жамоа келишувлари, жамоа шартномалари ёки бошқа локал ҳужжатлар, шунингдек ходим ва иш берувчи ўртасида тузилган меҳнат шартномасида бошқача ҳолат назарда тутилмаган бўлса, бу кафолат бюджет ташкилотларида ишловчи оналарга татбиқ этилмайди.

— Бола парвариши бўйича нафақа миқдори қанча?

— Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 11 августдаги ПФ-6277-сон Фармони билан 2021 йил 1 сентябрдан бошлаб бола икки ёшга тўлгунга қадар уни парваришлаш учун ишлайдиган (бюджет ташкилотларида ишлайдиганлар бундан мустасно) оналарга бериладиган ҳар ойлик нафақалар миқдори меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори 60 фоизи миқдорида (493 минг 200 сўм) белгиланган.

— Бола туғилганда бир йўла бериладиган нафақа (халқона айтганда “суюнчи пули”) миқдори қанча ва қандай тартибда берилади?

— Бола туғилганда бериладиган бир марталик нафақа меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 70,3 фоизи (илгари – энг кам иш ҳақининг 2 баробари) миқдорида (577 минг 866 сўм) тўланади.

Ишлаётган аёлларга, ҳамда ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда олий, ўрта махсус, касб-ҳунар таълим муассасаларида, магистратура, аспирантура, клиник ординатура, докторантурада таҳсил олаётган аёлларга бола туғилганда бериладиган бир марталик нафақа тегишлича иш ёки ўқиш жойидан тўланади.

Боланинг онаси ишламайдиган ва ўқимайдиган ҳолларда нафақа боланинг ишлайдиган ёки ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда ўқийдиган отаси ёки ота-она ўрнини босувчи шахсларга тўланади.

Ишламайдиган ва ўқимайдиган ота-оналарга бола туғилганда нафақа ижтимоий таъминот бўлимлари томонидан тайинланади ва тўланади.

— Иш берувчи ўз ташаббусига кўра аёлларни пенсия ёшига тўлиши билан меҳнат шартномасини бекор қилиши мумкинми?

— Аёлларнинг пенсия ёшига тўлганлиги ёки қонун ҳужжатларига мувофиқ ёшга доир давлат пенсиясини олиш ҳуқуқи вужудга келганлиги сабабли улар билан тузилган номуайян муддатли меҳнат шартномасини 60 ёшга тўлгунга қадар ёки муддатли меҳнат шартномасини муддати тугагунга қадар иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилиш тақиқланади. Яъни иш берувчи аёлларни пенсия ёшига тўлганлиги муносабати билан ишдан бўшата олмайди, аёлларни 60 ёшга тўлишини кутади.

— Ногирон фарзандни парвариш қилган ишловчи аёлларга пенсияга чиқишда имтиёзлар борми?

— Болаликдан ногирон фарзандларнинг оналари уларни саккиз ёшгача тарбиялаган бўлса — иш стажи камида 20 йил бўлган тақдирда умумий белгиланган ёшни 5 йилга қисқартирилган ҳолда имтиёзли пенсия олиш ҳуқуқига эгалар. Башарти, аёл ўгай ўғил ва ўгай қизни улар 8 ёшга тўлгунига қадар камида 5 йил тарбиялаган бўлса, пенсия тайинлашда улар ҳақиқий фарзандлар билан тенг равишда ҳисобга олинади.

— Ногирон фарзандни парвариш қилган меҳнат стажига эга бўлмаган аёлларга қандай имтиёзлар бор?

— Болаликдан ногиронлиги бўлган фарзанди бор (бўлган) оналарга — 55 ёшга етганларида нафақа тайинланади. Ёшга доир нафақа фарзанди болаликдан ногирон деб эътироф этилганлиги тўғрисида Тиббий-маслаҳат комиссиясининг тиббий хулосаси ёки Тиббий меҳнат экспертиза комиссиясининг ногиронлик тўғрисидаги маълумотномаси билан тасдиқланган тақдирда тайинланади. Бунда нафақа миқдори пенсия тайинлаш учун зарур бўлган иш стажига эга бўлмаган қариялар ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларнинг нафақаси миқдорида белгиланади.

— Ногиронлиги бўлган фарзанди бор аёлларнинг иш ҳақидан даромад солиғи ушланмайдими?

— Солиқ кодексининг 380-моддасига кўра, болалигидан ногиронлиги бўлган, доимий парваришни талаб этадиган фарзанди билан бирга яшаб уни тарбиялаётган ота ёки онага даромад солиғи камайтирилади. Яъни даромадлар қайси ойда олинган бўлса, ўша ойда ҳар бир ой учун меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 1,41 баравари миқдоридаги даромадлар бўйича солиқ солишдан озод этилади.

Масалан, 3 миллион сўм маош олсангиз, меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 1,41 баравари миқдори (1 миллион 159 минг сўм) дан 12% даромад солиғи ушланмайди қолган 1 миллион 841 минг сўмдан 12% даромад солиғи ушланади.

Бу имтиёз пенсия гувоҳномаси ёки соғлиқни сақлаш муассасасининг доимий парвариш зарурлигини тасдиқловчи тиббий маълумотномаси асосида берилади.

Хусанбой УЛУҒБЕКОВ,

Шаҳрихон тумани юридик хизмат кўрсатиш маркази бош юрисконсульти.