ХОТИН-ҚИЗЛАРНИ ТИЗИМЛИ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШНИНГ ЯНГИ ШАКЛИ

Жамият

2022 – 2026йилларда хотин-қизларнинг мамлакат иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ҳаётининг барча жабҳаларида фаоллигини ошириш бўйича миллий дастур – хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашнинг янги шакли

Ўзбекистонда “2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги Миллий мақсад ва вазифалар” доирасида устувор мақсадлардан бири сифатида “Гендер тенгликни таъминлаш ва барча хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш” белгиланган бўлиб, ушбу мақсадга эришиш учун хотин-қизларнинг ўз ҳуқуқ ва манфаатларини ижтимоий-иқтисодий соҳада амалга оширишида уларни қўллаб-қувватлашни назарда тутувчи дастурларни кенгайтириш талаб этилади. Шу муносабат билан жорий йилнинг 7 март куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-87-сон Фармони қабул қилинди.

         Мазкур Фармон асосида мамлакатда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий фаоллигини ошириш, соғлиғини сақлаш, касбга ўқитиш ва бандлигини таъминлаш, тадбиркорликка кенг жалб этиш, эҳтиёжманд хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, гендер тенгликни таъминлаш борасида олиб борилаётган ислоҳотларни тизимли давом эттириш, шунингдек, БМТ  Глобал кун тартибининг Барқарор ривожланиш мақсадларини изчил амалга ошириш мақсадида 2022 -2026 йилларда хотин-қизларнинг мамлакат иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ҳаётининг барча жабҳаларида фаоллигини ошириш бўйича миллий дастури тасдиқланди. Мазкур миллий дастурнинг қабул қилинишига ҳам бир неча сабабларни келтириб ўтишимиз мумкин.        Хусусан, сўнгги йилларда мамлакатимизда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар яратиш, жамият ва давлат ишларини бошқаришда уларнинг тўлақонли иштирок этишини таъминлаш, ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, шунингдек, тазйиқ ва зўравонликлардан ҳимоя қилишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилган бўлсада, Ўзбекистон тараққиётнинг янги босқичига ўтиши даврида барча хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш тизимини юқори босқичга кўтариш ҳамда жамиятда хотин-қизлар ўрни ва ролини янада ошириш долзарб аҳамият касб этмоқда. Бироқ, бугунги кунда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ижтимоий фаоллигини янада оширишда қуйидаги муаммолар сақланиб қолмоқда:

         хотин-қизларнинг, айниқса, қишлоқ жойлардаги хотин-қизларнинг муаммоларини ўрганиш, ишсиз хотин-қизларни меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касб-ҳунарларга ўқитиш, иш билан таъминлаш, уларни оилавий ва хусусий тадбиркорликка, ҳунармандчиликка кенг жалб этиш ишлари тизимли йўлга қўйилмаган;

         ёрдамга муҳтож бўлган ва оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизларга, шу жумладан ногиронлиги бўлган аёллар ва ўзгалар парваришига муҳтож кекса ёшдаги аёлларга ижтимоий-ҳуқуқий, психологик ва моддий ёрдам кўрсатиш, уларни эҳтиёжмандлик ҳолатидан чиқаришга қаратилган ишлар самарали ташкил этилмаган;

         хотин-қизларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш, улар томонидан содир этилаётган ҳуқуқбузарликларга сабаб бўлган омиллар ва шарт-шароитларни бартараф этишга ҳамда ҳуқуқий оқибатларини тарғиб қилишга қаратилган тадбирлар кўлами етарли эмас;

         ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизлар ва кам таъминланган оилаларга томорқа ерларидан самарали фойдаланиш, уларга субсидиялар ажратиш ва бандлигини таъминлаш учун имтиёзли кредитлар (шу жумладан, микрокредитлар) ажратиш тартиб-таомиллари бўйича тарғибот ишлари ҳамда услубий-амалий кўмаклашиш тизимида сусткашликлар мавжуд.

         Янги қабул қилинган миллий дастурдан кўзланган асосий мақсад — хотин-қизларни ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини янада кучайтириш, уларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш, қизларнинг таълим-тарбия олиши учун зарур шарт-шароитларни яратиш, иқтидорли ва билимли қизларни тарбиялаш ҳамда уларнинг илмий салоҳиятини юксалтириш, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, аёлларнинг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий фаоллигини ошириш, жамиятда, хусусан, давлат бошқарувида уларнинг ролини мустаҳкамлаш ҳамда гендер тенгликни таъминлашдан иборат.

         Бундан ташқари, миллий дастур доирасида қуйидаги ишларни амалга ошириш кўзда тутилган:

         Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш;

         Хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш;

         Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш;

         Давлат ва жамият бошқарувида аёлларнинг ўрни ва мавқейини янада мустаҳкамлаш;

         Хотин-қизларнинг таълим олиши учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш, илм-фан соҳасида аёлларнинг ролини янада ошириш;

         Оила институтини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш масалалари бўйича фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотлар олиб бориш;

         Хотин-қизлар орасида қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботни таъминлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишнинг замонавий усул ва шаклларини татбиқ этиш.

         Миллий дастур жорий этилгач, қуйидаги натижалар кутилмоқда:

         “Бир миллион дастурчи” лойиҳасида иштирок этадиган хотин-қизлар сони 30 фоизга етказилади;

         ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, хотин-қизлар бандлигига кўмаклашиш мақсадида 14 та ҳудудда кооперативлар фаолияти йўлга қўйилади;

         Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясининг магистратурасига ўқишга тавсия этилган номзодлар орасида хотин-қизлар улуши 30 фоизгача етказилади;

         олий таълим муассасаларида психолог мутахассисларга эҳтиёж юқори бўлган соҳалар бўйича қабул параметрлари 30 фоизга оширилади;

         туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмаларининг 46 та туғуруқ бўлими негизида туманлараро перинатал марказлар ташкил этилади;

         республикада истиқомат қилаётган 337 мингдан зиёд хотин-қизларни тиббий, ижтимоий ва касбий реабилитатсия чоралари билан қамраб олиш кўлами кенгайтирилади, уларни реабилитатсия қилиш ва протезлаш марказларида амбулатор реабилитатсия қилиш механизмлари жорий этилади;

         хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асослари такомиллаштирилади, халқаро конвенсиялар ва миллий қонунчилик нормалари ижроси қатъий назоратга олинади;

         ногиронлиги бўлган ёки ногиронлиги бўлган фарзанди мавжуд аёллар, уй-жойсиз, боқувчиси бўлмаган, ўзгалар парваришига муҳтож аёллар ҳар томонлама қўллаб-қувватланади.

Д.УРМАНОВА,

Асака тумани юридик хизмат кўрсатиш                                                         
маркази бош юрисконсулти.