АҲОЛИНИ РЎЙХАТГА ОЛИШ

Жамият

Жаҳон тажрибасида мамлакат аҳолисининг аниқ сони, ёши, жинси, фуқаролиги, миллий таркиби, оилавий аҳволи, касби, бандлиги, даромад манбаи ва бошқа жиҳатлар бўйича батафсил маълумот тўплашнинг энг самарали усули аҳолини рўйхатга олишни ташкил этиш ҳисобланади. Шу боис, 2023 йилда мамлакатимизда илк бор ўтказиладиган аҳолини рўйхатга олиш тадбирларига ҳозирдан жиддий тайёргарлик кўрилмоқда.

     Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ўзининг 2015 йилдаги резолюциясига асосан аъзо давлатларга ҳар ўн йилда камида бир марта аҳолини рўйхатга олиш амалиётини ўтказишни тавсия этади. Хўш, бу бизга нима беради? Биринчи навбатда, республика аҳолиси ва унинг турмуш шароити тўғрисидаги ишончли маълумотлар айнан аҳолини рўйхатга олиш орқали шакллантирилади. Масалан, Фарғонада неча киши ишсиз? Андижонда нечта оила уй-жойга муҳтож? Сирдарёда яна нечта таълим муассасаси қуриш лозим? Қашқадарёда аҳоли хонадонлари асосан қайси йилларда қурилган? Тошкент шаҳрида аслида қанча киши истиқомат қилади ва ҳоказо. Аҳолини рўйхатга олиш амалиёти шу каби кўплаб саволларга жавоб, муаммоларга ечим топиш имконини яратади.

— Кўпчилик инсонлар аҳолини рўйхатга олиш амалиётини статистик маълумотлар тўплаш тадбирларининг бир кўриниши, деб тушунади. Аммо бу шунчаки статистика эмас, балки мамлакат аҳолисининг маълум бир вақтдаги фотосуратини кўриш имкониятини берадиган йирик миқёсдаги тадбир ҳисобланади, — деди Давлат статистика қўмитаси Рўйхатга олиш жараёнларини ташкил этиш ва ўтказиш бошқарма бошлиғи Қобил Бердиқулов. — Мазкур давлат даражасидаги кенг кўламли, кўп вақт ва маблағ талаб этадиган тадбирни ўтказиш учун халқаро талабларга мувофиқ 2-3 йил давомида тайёргарлик ишларини олиб бориш талаб этилади.