Ҳозирги кунда айниқса автомобилларда хавфсизлик камари билан боғлиқ қоидалар транспорт хавфсизлиги масаласида асосий ўрин тутувчи муҳим омил ҳисобланади. Қабул қилинаётган қоидалар қандай бўлишидан қатъий назар, хавфсизлик камарини тақиш ҳар доим хавфсизлик гарови бўлиб келган. Бироқ ҳозирги кунда хавфсизлик камаридан фойдаланишни коррупцион ҳолат деб, ортиқча иш деб, баҳоловчи инсонларимиз ҳам йўқ эмас. Аммо, машинада хавфсизлик камарини тақишлик биринчи галда ҳайдовчи ва йўловчининг ўзи учун ҳаётининг зарурий кафолат воситасидир.
Хориж мамлакатларда хавфсизлик камарлари автоҳалокатда ҳайдовчилар ва йўловчилар жароҳатланишининг олдини олишнинг оддий, самарали, ҳамёнбоп ва арзон воситаси эканлиги эътироф этилган. Германияда биринчи марта енгил автомобилларда хавфсизлик камарларини мажбурий тақиш тўғрисидаги қонун қабул қилинган. Кейин бундай қонунлар Чехия, Буюк Британия, АҚШ, Австралия, Швеция ва бошқа баъзи мамлакатларда жорий этилган. Бироқ ҳеч бир давлат хавфсизлик камарларидан оммавий фойдаланишга махсус қонунлар киритилмасдан эриша олмади. АҚШда хавфсиз ҳаракатни ташкил этиш бўйича экспертлар комиссияси, 1976 йилда бахтсиз ҳодисалар сони ва уларнинг оқибатларининг оғирлигини 1986 йилгача башорат қилиб, хавфсизлик камарларидан мажбурий фойдаланишни ҳалокатли бахтсиз ҳодисалар сонини камайтиришнинг энг самарали чораси сифатида тан олган.
Хорижий ҳукуматлар йўл ҳаракати хавфсизлигини яхшилаш бўйича узоқ муддатли миллий дастурларни қабул қилмоқда. Бундай дастурлар Германия, Франция, Япония ва бошқа мамлакатларда қабул қилинган. Уларнинг барчаси хавфсизлик камарларини жорий этишга қаратилган қатор чора-тадбирларни амалга оширишни назарда тутади. Жумладан: автомобил ва автобусларни хавфсизлик камарлари билан жиҳозлаш, уларнинг дизайнини такомиллаштириш, хавфсизлик камарларидан фойдаланиш самарадорлигини матбуот, радио, кино ва телевидение орқали тарғиб қилиш; улардан фойдаланиш устидан қатъий йўл полицияси назорати; фойдаланмаслик учун жарималар оширилди. Бу тадбирларга катта маблағ сарфланмоқда. Мисол тариқасида, Германияда хавфсизлик камарларидан фойдаланиш ҳайдовчи ва барча йўловчилар(ҳатто орқа ўриндиқлардаги йўловчилар) учун мажбурийдир. Қоидани бузганлик учун жармиа тахминан 30 еврони ташкил қилади. Қолаверса, Швеция, Буюк Британия, Австралия, Япония, Ирландия каби давлатлар қонунчилигида ҳам ҳаракатланаётган транспорт воситаларининг ичидаги барча йўловчилар учун хавфсизликни тақиш мажбурийдир. Демак, хулоса шуки, мазкур давлатларда бежизга хавфсизлик камарига бўлган эътибор юқори даражада эмас экан, бу орқали кўплаб автоавариялар, инсонларнинг бевақт оламдан кўз юмуши, соғлиғига зарар етказилиши каби салбий омилларнинг олди олинар экан. Биз ҳам бундан тўғри хулоса чиқарсак, ўзимиз учун фойдадан холи бўлмас эди.
Кўпгина мамлакатларда хавфсизлик камарларидан мажбурий фойдаланиш йўл-транспорт ҳодисалари оқибатларини камайтиришнинг муҳим чораси сифатида тавсифланади. Масалан, Германияда хавфсизлик камарларидан фойдаланиш натижасида ҳалокатли бахтсиз ҳодисалар сони 30% га, одамларнинг жароҳатланиши 28% га камайган, Австралияда йўл-транспорт ҳодисаларида жабрланган ҳайдовчилар ва йўловчиларнинг умумий сони 40% га, ҳалок бўлган бахтсиз ҳодисалар эса 20% га камайган.
Ички ишлар вазирлиги масъул ходими баёнотида, “Ҳайдовчи мажбуриятларида, автомобиль олд ўриндиғидаги йўловчига камар тақишини айтиб огоҳлантириши кераклиги айтиб ўтилади. Ҳозирда огоҳлантирмаганлик ҳолати юзасидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартиришлар киритилаётганлиги ҳақида таъкидлаб ўтилган. Шунингдек, янги йўл харакати қоидалари бўйича қарорда автомобиль олд ўриндиғида ўтирган хомиладор аёллар ва беморларга хавфсизлик камари тақмасликка рухсат берилган.
Хуршидбек Акбаров
Хўжаобод туман адлия
бўлими бош маслаҳатчиси