Оила — Ватан ичра мўъжаз Ватан, муқаддас қўрғон. Бир қўрғонки, унда боқий қадриятлар ва инсоний фазилатлар намоён бўлади. Мамлакатимиз мустақиллигининг дастлабки йилларидаёқ барча соҳалар қатори оилалар фаровонлигини ошириш, барқарорлигини таъминлашда алоҳида эътибор қаратилди. Оила барпо этиш қанчалик улуғ ва нақадар мураккаб эканини идрок қилиш учун инсонийлик сабоқлари, шарқона тарбия воситаси билан бир қаторда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданият ҳам муҳим аҳамиятга эга. Қолаверса оила билан боғлиқ муаммоларнинг узил-кесил ҳал этилишидан фақат оила эмас, балки жамият ҳам манфаатдор, истиқболини соғлом авлод белгилайди. Соғлом оила вужудга келиши учун энг аввало, жамият ва давлат қайғуриши шунга замин яратиб бериши лозим.
Ҳаёт ҳар доим бир хил кечавермайди. Қувончу-ташвиш, шодлигу ғам ҳамиша ёнма-ён юради. Баъзан ана шу ҳаёт синовларига дош бера олмай ёҳуд бирон бошқа сабаб туфайли оилаларнинг ажралиб кетаётганининг гувоҳи бўламиз.
Оила кодексининг никоҳни тугатиш масалаларига бағишланган бўлимида суд тартибида ажрашаётган эр-хотинларнинг вояга етмаган болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини янада мустаҳкамроқ ҳимоялаш мақсадида уларга яраштириш учун олти ойгача бўлган муддат берилади. Шунингдек, вояга етмаган фарзандлари ҳамда мол-мулк юзасидан низоси бўлмаган эр-хотиннинг ўзаро розилиги асосида улар ФҲДЁ органларида никоҳдан ажратилади. Никоҳдан ажралиш ариза берилган кундан бошлаб уч ой ўтгач, қайд этилади. Бу муддат эр-хотиннинг ўз қарорлари тўғрисида жиддий ўйлаб олишлари учун белгиланган.
Оилавий ажримларнинг олдини олиш борасида Шаҳрихон тумани ФҲДЁ бўлими томонидан бир қатор ҳуқуқий тарғибот ишлари олиб борилмоқда. Жумладан, Қўрғонча, Қашқар, Сарой, Пахтакўл, Дориломон ва Тегирмонбоши маҳаллалари билан ҳамкорликда никоҳдан ажралиш, унинг ҳуқуқий оқибатлари, фарзандлар руҳиятига салбий таъсири кучли эканлиги ҳақида маърузалар қилинди.
Афсуски, олиб борилган тарғиботлар, тушунтиришларга қарамасдан Шаҳрихон тумани ФҲДЁ бўлими томонидан 2022 йил 5 ойида жами 146 та никоҳдан ажралиш ҳолати расмийлаштирилган бўлиб, шундан суд қарорлари асосида 68 та, ФҲДЁ бўлимида 78 тани ташкил этган. Ажралиш сабаблари ўрганиб чиқилганда собиқ эр-хотинлардан бирининг бепуштлиги, бир-бирини тушунмаслиги, эркаклар оилани моддий томонидан таъминлай олмаслиги, аёлларнинг оилани борига шукр қилмасликлари, бойликни устун қўйишлари, эр-хотин ўртасида бошқа шахсларнинг аралашувини сабаблар деб кўрсатиб ўтиш мумкин.
Ота-боболаримиз оилани муқаддас даргоҳ деб ҳисоблаганлар. Унинг мустаҳкамлиги, анъаналари, урф-одатлари, обрў-эътибори ва софлигини сақлашга ҳамиша ҳаракат қилганлар. Шундан экан ҳар биримиз оилани муқаддаслигини сақлаш, оилавий ажримларнинг олдини олишга ҳаракат қилишимиз, ҳар бир оила, ҳар бир фуқарони ҳушёрликка чорлашимиз лозим. Оилада соғлом муҳит хукмрон бўлса, бу оила албатта, мустаҳкам бўлади.
М.САБИРОВА,
Шаҳрихон тумани ФҲДЁ
бўлими мудираси.