Савол: Ходим ишга маст ҳолатда келди. Корхона ички меҳнат тартиби қоидаларида мастлик 1 марта қўпол бузиш сифатида белгиланган. Ходимнинг мастлик ҳолатини тиббий хулоса билан тасдиқлаш шартми ёки бошқа усуллари ҳам борми?
Жавоб: Идоравий мансублиги, мулкчилик ва хўжалик юритиш шаклларидан қатъи назар, корхона, муассаса, ташкилот ички меҳнат тартибининг намунавий қоидаларининг 2.38-бандига кўра ишга алкоголли ичимликлар, гиёҳвандлик ёки заҳарвандлик воситаларини истеъмол қилиб келиш ходим билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилишга олиб келиши мумкин бўлган меҳнат вазифаларини бир марта қўпол равишда бузишлар рўйхатига киритилган.
Бу ҳолат гувоҳларнинг кўрсатмалари ёки тиббий хулоса билан тасдиқланиши лозимлиги белгиланган.
Бундан ташқари Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 1998-йил 17-апрелдаги 12-сонли “Судлар томонидан меҳнат шартномасини бекор қилишни тартибга солувчи қонунларнинг қўлланилиши ҳақида”ги қарорининг 38-бандига кўра:
Корхонанинг ички меҳнат тартиби қоидаларида ишга алкоголдан, наркотик ёхуд токсинли моддалардан маст ҳолда келиши ёки иш жойида шу ҳолатда бўлгани учун МК 100-моддаси 2-қисмининг
4-бандига асосан меҳнат шартномасини бекор қилиш назарда тутилган тақдирда, фақат корхона ҳудудидаги ходимга нисбатан емас, балки ўз меҳнат мажбуриятларини бажариши лозим бўлган бошқа жойларда қайд этилган ҳолатда юрган ходимга нисбатан ҳам қўлланилиши мумкин.
Демак мастлик ҳолати айнан тиббий хулоса билан тасдиқланиши шарт емас. Бу ҳолат бевосита бошлиқнинг билдиргиси, гувоҳларнинг кўрсатмалари ва ҳамкасбларида мастлик аломатларини кўрган ходимларнинг тилхатлари ҳам далиллар бўлиши мумкин.
Хўжаобод тумани Юридик хизмат
кўрсатиш маркази бош юрисконсулти
Бахтиёр Юсупбеков